Жамият | 20:35
2349
4 дақиқада ўқилади

“Мен қайтиб келаман” – ўзбекнинг сўнмаган умиди ҳақида оғриқли ҳикоя

“Беш дақиқа” лойиҳасининг навбатдаги сонида ўзбек адабиётининг шоҳ асарларидан бири – Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи ҳақида гаплашамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Уч авлод – бир миллат тақдири

Ушбу асарда уч образ бор. Бобо, ота ва ўғил. Муаллиф бир сулола орқали халқнинг тарихий фожиасини кўрсатиб беради.

Бобо, яъни Жамолиддин кетмон бутун умрини ерда, далада ўтказган содда деҳқон. Унинг қувончи ҳам, қайғуси ҳам шу дала билан боғлиқ.

Бир куни Оқподшо қўшинлари Фарғонага бостириб киради. Гўёки “қолоқ” бу элга “тартиб, маърифат ва тараққиёт олиб келамиз” деган асослар келтирилади.

Аслида мақсад – ерни тортиб олиш, халқни бўйсундириш ва руҳан синидириш эди. Жамолиддиннинг даласи тортиб олинади, у ўз юртида бегонага айланади. Бу – халқ руҳининг биринчи синиши эди.

Ақраб қўрбоши шу авлод вакили эди, жасур ва қўрқмас инсон.

У босқинчиларга қарши фаол курашга чиқади. Озодлик учун ҳаракат қилади. Лекин замон уни қўлламайди, босмачи тамғаси босилади. Ҳаракат мағлубият билан тугайди. Ҳар бир мағлубият – халқнинг яна бир изтироби, руҳан чекиниши эди.

Деҳқонқул, яъни набира Шўро даврида саҳнага чиқади. Бу вақтга келиб қоғозда халқ ер эгаси бўлганди, аммо амалда ҳеч нарса йўқ эди. Деҳқонқул замонга мослашмоқчи бўлади. Янги тартибларни қабул қилади, ҳатто уларга яқинлашишга умид боғлайди. Бироқ босқинчилар уни ҳам “ўзлариники” қилмайди. Уларга фақат буйсунадиган қул керак, руҳан мустақил инсон эмас.

Натижада Деҳқонқул ҳам бобоси ва отасидек топталади. Жисман йўқ қилинади.

“Отамдан қолган далалар” бизга нималар дейди? Ер йўқотилса – руҳ ҳам йўқолади. Босқинчи фақат танангизни эмас, руҳингизни ҳам забт этмоқчи бўлади. Миллий хотирани йўқотган авлод ўзини ҳам йўқотиши мумкин. Шундай бўлди ҳам, қадриятлар йўқ қилинди, масжидлар қулатилди, от изи ит изига аралашиб кетди.

Босқинчилар тарихан ҳамиша ниқоб остида келган ва бу сафар ҳам ўша қоида ўзгармади. “Халқ зиёли бўлмади”, зомбилаштирилди. Аксинча, миллатнинг зиёлилари қирилди, ойдинлари йўқотилди.

Романда оғриқли ишоралар бор

Асарда дала – ҳаёт, мерос ва миллий руҳни ифодалайди. Қизил ранг – қон, фожиа ва йўқотиш. Оқподшо ва Скобелев – босқинчилик, зўравонлик рамзи. Уч авлод қаҳрамонлари эса сабр, жасорат ва маънавий изтиробни ифодалайди.

Ва буни сиз мендан бошқачароқ, яхшироқ тушунишингиз, талқин қилишингиз ҳам мумкин. Бунинг учун, албатта, асарни ўқинг.

Сўнмаган умид

Романнинг сўнгги сатрларида Деҳқонқул қасам ичади:

“Мен қайтиб келаман!

Етти қават ернинг остидан бўлса ҳам қайтиб келаман.

Мен далаларимни дея қайтиб келаман.

Мени далаларим қайтариб келади…»

Бу – келажак авлодга қолдирилган сўнгги мурожаат эди. Миллатга ишонч, юртга садоқат, ҳурриятга интилиш – шу сатрларда яширинган эди.

Булар бизнинг хулосаларимиз, албатта. Тоғай Мурод осон тушунилмайди ва ўзбекнинг баланд пардаларда қалам тебратган адибларидан бири ҳисобланади. Адибда бу каби шоҳ асарлар яна бир талай, уларни топиб ўқисангиз, албатта, ютасиз.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали харид қилишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид