Иқтисодиёт | 21:11 / 09.08.2025
1107
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат ҳуқуқига оид фармон: нималар ўзгармоқда?

Учта соҳадаги кичик бизнес ходимларни Face-ID орқали ишга олиши мумкин бўлади. Иш берувчилар айрим мажбуриятлардан қутулади. Ходимни норасмий ишлатганлик учун жазо кучаяди. Ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари қатъийлашади. Меҳнат инспекцияси бизнес-омбудсманни хабардор қилмасдан текширув ўтказиш ҳуқуқини олади. Малакасини оширмоқчи бўлган ходимларга давлат қарз беради.

Сунъий интеллект яратган сурат

4 август куни Ўзбекистон президенти меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимига оид фармон имзолади. Бандлик вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га фармондаги муҳим янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • 50 нафаргача ходими бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштириш ҳуқуқи берилади;
  • бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш тартиби бекор қилинади;
  • бўш иш ўринларига меҳнат органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун жавобгарлик бекор қилинади;
  • иш ўринларини захиралаш тизими ходимлар сони 100 нафардан ортиқ корхона ва ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади;
  • иш ўринларини захиралаш тизими фақат ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун татбиқ этилади; бюджет ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар учун захиралашнинг амалдаги тизими сақлаб қолинади.

2025 йил 1 августдан бошлаб давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартиби бекор қилинди.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб доимий ишга эга бўлган ҳамда малакасини ошириш истагидаги шахсларга қўшимча таълим олиши учун “касб ваучери” жорий этилади. “Касб ваучери” ссуда кўринишида берилади. Шахс ўқишни тугатиб сертификат олгач, ишга жойлашганидан сўнг, ссудани 2 йил давомида қайтаради.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари қатъийлашади. Ишсиз қолган фуқаро бу нафақани олиш учун сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган бўлиши ва охирги иш жойидан бўшаганидан кейин 6 ой ичида мурожаат қилиши керак. Нафақа 3 ой давомида тўланади.

2026 йил 1 январдан бошлаб ЯММТ орқали қайд этилган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ҳамда қонунбузилиши ҳолатлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.

2026 йил 1 мартга қадар касб-ҳунарга ўқитиш босқичма-босқич уч босқичли (видеодарсликлар, касбга ўқитиш ва малака ошириш) тизимга ўтказилади. Назарий босқични ўзлаштирган ва тестдан ўта олган тингловчиларгина амалий ўқув босқичига ўтказилади.

Мавзуга оид