Спорт | 20:54
2046
6 дақиқада ўқилади

Лазизбек Муллажонов биринчиси эмас. Допинг сабаб дисквалификация қилинган машҳур ўзбек спортчилари

Бокс бўйича Париж Олимпиадаси чемпиони Лазизбек Муллажонов допинг сабаб спорт мусобақаларидан вақтинча четлаштирилди. Ўзбек спортида бу каби ҳолатлар кўп кузатилган. Хусусан, эркин курашчи Артур Таймазовнинг иккита олтин медали олиб қўйилган бўлса, Абдулла Тангриевга 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида қатнашиш тақиқланади. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров ҳам саккиз ой расмий футбол ўйинларида ўйнамаган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Боксчи Лазизбек Муллажонов допинг тести натижаси туфайли спорт мусобақаларидан вақтинча четлаштирилди. Қайд қилинишича, Муллажоновнинг 2025 йил 11 июнда топширган намунасида метастерон аниқланган.

Метастерон – тақиқланган модда бўлиб, мушакларнинг тез ўсишига, куч ва чидамлиликни оширишга ёрдам берадиган синтетик стероид. Уни истеъмол қилиш мусобақа пайтида ҳам, ундан ташқарида ҳам тақиқланган. Спортчи ушбу ҳолат ҳақида хабардор қилинган ва Б намунасини таҳлил қилишни сўраш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон бокс федерацияси спортчига шифокор томонидан берилган дори воситаларида айрим тақиқланган допинг моддалари бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти.

Лазизбек Муллажонов 26 ёшда. 2024 йилги ёзги Олимпиадада у 92 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган эди. Шунингдек, 2023 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳисобланади.

Сўнгги йилларда дунё миқёсида ҳам машҳур спортчиларнинг допинг қабул қилиш ёки антидопинг агентликларига нотўғри маълумот тақдим этиши ортидан четлатилишлар кўпайди. Қуйида худди шу сабабга кўра катта спортдан дисквалификация қилинган таниқли ўзбек спортчиларини келтириб ўтамиз. 

Артур Таймазов

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон делегацияси сафида 4 та Олимпиадада иштирок этиб, шуларнинг учтасида олтин, биттасида кумуш медалга эга чиққан Артур Таймазов ҳам допинг билан боғлиқ жиддий муаммоларга учраган. Жумладан, унинг 2008 йилдаги Пекин ва 2012 йилдаги Лондон Олимпиадаларида қўлга киритган олтин медаллари олиб қўйилди. Бунга спортчининг допинг намунасини такроран текширувдан ўтказиш вақтида тақиқланган туринабол моддаси аниқлангани сабаб сифатида келтирилади.

Асли келиб чиқиши осетин бўлган ва кўплаб халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашган Таймазов 2015 йилда фаолиятини тугатди. Айни пайтда у Россия Давлат Думасининг депутати ҳисобланади.

Абдулла Тангриев

2008 йилги Пекин Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори, таниқли дзюдочи ва курашчи Абдулла Тангриев 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида қатнаша олмаган. Бунга спортчининг қонидан гиёҳванд модда излари топилгани сабаб сифатида келтирилган ва у 2 йилга дисквалификация қилинади.

Кейинчалик Тангриев яна катта спортга қайтади ва 2014 йилда Россиядаги халқаро турнирнинг олтин медалини ҳам қўлга киритади.

Руслан Нуриддинов

Оғир атлетика бўйича Рио – 2016 Олимпиадаси чемпиони Руслан Нуриддинов ҳам антидопинг қоидаларини бузганлиги сабаб 2018 йилнинг декабридан 2020 йилнинг декабригача 2 йиллик дисквалификацияга учраган. Спортчининг 2012 йилги Лондон Олимпиадасидаги қон таҳлилидан тақиқланган туринабол моддаси топилади ва унинг ушбу мусобақада эгалланган 4-ўрни бекор қилинган.

Нуриддинов катта спортга яна муваффақиятли тарзда қайта олди. Хусусан, у 2021 йилдаги Осиё чемпионатида жаҳон рекордини янгилаб, олтин медалга эга чиқди. Шу йили ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални, 2022 йилдаги мусобақада эса олтин медални қўлга киритди. 

Игнатий Нестеров

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров ҳам саккиз ойга четлаштирилган.

Хусусан, 2019 йилги Осиё Кубоги вақтида дарвозабоннинг допинг таҳлили ижобий натижа беради. Бунга сабаб сифатида голкипернинг шифокорлар рухсатисиз вазн ташлашга ёрдам берувчи дори қабул қилгани келтирилади. Нестеров 2019 йилнинг октябрь ойига қадар футбол майдонига қайта олмайди.

Бектемир Мелиқўзиев

Ҳаваскор боксда Олимпиада ва жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев ҳам 4 йилга барча миллий ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилганди. Дастлаб боксчидан олинган допинг-тестида фуросемид тақиқланган моддаси аниқланади. Кейинчалик у 2019 йил сентябрдан 2020 йил февралгача бўлган вақт оралиғида 3 марта ўз жойлашуви ҳақида нотўғри маълумот бергани ортидан 2020 йил февралдан 2024 йил февралгача дисквалификацияга учради. Аммо мазкур вазият спортчининг профессионал боксдаги карьерасига таъсир қилмади. Айни пайтгача у 17 та жанг ўтказиб, шундан 16 тасида ғалаб қозонди ва ВБА камари учун расмий даъвогар ҳисобланади. 

Улуғбек Рашидов

Таэквондо бўйича икки карра Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашидов ҳам яқинда икки йилга дисквалификация қилинди. Спортчи уч марта қаерда экани ҳақидаги маълумотни тақдим этмаган, бу эса антидопинг қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланади. Дисквалификация муддати 2025 йил 13 майдан бошлаб белгиланади ва 2027 йил 12 майгача давом этади.

Рашидовнинг сўзларига кўра, ҳар бир спортчи ҳар куни ўзининг жойлашуви, қаерда тунаши ва қаерга учиши бўйича дастурни тўлдириши керак.

«Менинг ҳолатимда эрталабки соат 06:00 да келишди. Бу ноябрь ойида содир бўлганди. Менинг дастуримда кечки соат 21:00 кўрсатилган бўлса-да, эрталаб соат 6 да кимдир келиши мумкинлигини умуман кутмаган эдим. Ҳатто менга қўнғироқ ҳам қилишмади, фақат СМС юборишди…», - дея вазиятни изоҳлаган таэквондочи.

Бундан ташқари, допинг сабабли халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида қатнашган асли россиялик эркин курашчи Сослан Тигиевнинг ҳам Лондон олимпиадасидаги бронза медали олиб қўйилганди.

Мавзуга оид