Ўзбекистон | 15:45
4741
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тонировка учун ёзда арзонлаштирилган нарх жорий этилиши мумкин

Уч ой учун тонировка нархи БҲМнинг бир баравари миқдорида – 412 минг сўм этиб белгиланиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги май ва ёз ойларида арзонлаштирилган нархда «тонировка» учун рухсатнома берилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик учун эълон қилди.

Унга кўра, М1 тоифага оид автотранспорт воситаларининг (енгил автомобиллар) орқа ва олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун ҳар йили 1 майдан  31 августгача бериладиган рухсатномалар берилишини йўлга қўйилади.

Рухсатнома нархи жисмоний ва юридик шахслар учун  базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорини (412 минг сўм), Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (2 млн 60 минг сўм) миқдорини ташкил этади.

Бунда, қисқа муддатли рухсатнома учун тўлов рухсатнома расмийлаштирилган санадан қатъи назар, тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.

Лойиҳа муҳокамаси 22 августгача давом этади.

Маълумот учун, ҳозирда енгил автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтириш бепул, олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома учун эса БҲМнинг 8 баравари (3 млн 296 минг сўм) миқдорида тўлов қилиш керак бўлади.

Рухсатномасиз тонировка учун жарима Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 126-1-моддасига кўра, БҲМнинг 25 баравари (10 млн 300 минг сўм)ни ташкил этади.

Мавзуга оид