Ўзбекистон | 20:07 / 07.08.2025
1914
3 дақиқада ўқилади

Навоийда инвесторлар 8 та конга 566 миллион доллар сармоя киритишга тайёрлигини билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев 7 август куни Навоий вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, бу йил 6 ойда инвестиция ҳажми 643 миллион долларга етди, экспорт 635 миллион доллардан ошди. 550 миллион долларлик янги қувватлар, 1 минг 140 та савдо ва сервис мажмуалари ишга туширилди.

Давлат раҳбари Навоий вилоятида йирик саноат тармоқларидан ташқари яйловларни ўзлаштириш, чорвачиликни ривожлантириш, хизмат турларини кўпайтириш бўйича имкониятлар кўп эканини таъкидлади. Хусусан, мамлакатдаги қазилма бойликларининг 20 фоизи, яйловларнинг 43 фоизи шу ҳудудда жойлашган.

Йиғилишда тадбиркорларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги лойиҳалар тақдимот қилинди.

Жумладан, Ғозғон шаҳри, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларидаги 8 та конга инвесторлар 566 миллион доллар сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Бунинг натижасида саноат ҳажми 2,5 триллион сўмга, экспорт 100 миллион долларга кўпаяди.

Масалан, Нурота туманида 750 миллион куб метр гранит тош захираси бор. Уни қайта ишлаш учун 50 гектар майдонда саноат зонаси ташкил этиш таклиф қилинди.

Шу тумандаги 10 та маҳаллада 5 мингдан зиёд хотин-қиз каштачилик билан шуғулланиб, даромад топмоқда. Энди буни кенгайтириб, 28 та маҳаллада Каштачилик марказлари очиш режалаштирилган.

Эҳтиёжманд оилаларни қуёш панеллари ва кўчма дўконлар билан таъминлаб, камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган.

Вилоятдаги 3 миллион гектар яйлов қишлоқ хўжалиги учун катта имконият. Масалан, қизилтепалик тадбиркор минг гектар яйловда ёмғирлатиб ва томчилаб суғориш технологиясини қўллаб, экспортбоп экинлар етиштирмоқда. Энди чорвачиликни йўлга қўйиб, сутни қайта ишлаш ташаббусини билдирган.

Умуман, вилоятда 1 миллиард 600 миллион долларлик қўшимча лойиҳалар шакллантирилган. Уларнинг натижасида яна 10 минг иш ўрни, бюджетга 1 триллион сўм тушум ва 238 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.

Давлат раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Йирик ва кичик корхоналар ўртасида кооперация йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Тадбиркорларни корхоналарга боғлаб, кафолатли буюртмани йўлга қўйиб, кичик бизнеснинг вилоятдаги улушини ошириш вазифаси қўйилди.

Яйловларга сув чиқаришга кўмаклашиб, улардан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Навоий вилоятида ўртача иш ҳақи бошқа ҳудудлардан 1,5 баробар юқорилиги савдо ва сервисга талабни ҳам, таклифни ҳам рағбатлантиради. Шунга муносиб, истироҳат боғлари ва дам олиш масканлари ташкил этиш, туристларни кўпайтириш, хизматлар ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид