Жаҳон | 10:59
709
2 дақиқада ўқилади

Ливан армияси «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш режасини ишлаб чиқиши керак

Йил охиригача Ливан қуролли кучлари ҳукумат қўшинларининг қурол-яроғ монополиясини таъминлаш режасини тақдим этиши керак, деди бош вазир Наваф Салом.

Фото: РИА Новости / Михаил Воскресенский

Ливан ҳукумати мамлакат қуролли кучларига «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва бошқа қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш режасини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди, деди 5 август, сешанба куни кечқурун бош вазир Наваф Салом.

Олти соатлик ҳукумат йиғилишидан сўнг ҳукумат Ливан Қуролли кучларидан жорий йил охиригача ҳукумат кучлари учун қурол-яроғ монополиясини таъминлаш режасини тақдим этишни талаб қилди, деб хабар беради AFP ва Reuters.

Аввалроқ «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Наим Қосим «Исроил Ливанга ҳужум қилишда давом этар экан», ўз ҳаракатини қуролсизлантиришдан бош тортган эди. «Исроил агрессияси» тўхтамагунча, «Ҳизбуллоҳ» қуролсизланиш бўйича ҳеч қандай таклифни қўллаб-қувватлай олмайди, деди Қосим ўз тарафдорларига телемурожаатида. Унинг AFP томонидан келтирилган сўзларига кўра, Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ»ни заифлаштириш ва шу орқали «Исроилга қаршилик кўрсатиш» ўрнига, «босим ва таҳдидларга» қарши туриш режасини ишлаб чиқиши керак.

Вазирлар маҳкамаси йиғилишидан олдин Ливан президенти Жозеф Аун мамлакат вазирлар маҳкамаси «барча қуролли гуруҳлар, жумладан, «Ҳизбуллоҳ»нинг қуролларини тортиб олишга» қатъий қарор қилганини маълум қилди. Бу қадамдан мақсад бутун Ливанга давлат суверенитетини кенгайтириш ва унинг ҳимоясини фақат ҳукумат қуролли кучлари орқали таъминлашдан иборат, деди у.

Мавзуга оид