Жаҳон | 08:09
1066
2 дақиқада ўқилади

Трамп иши бўйича собиқ прокурорга нисбатан текширув бошланди

Собиқ махсус прокурор Жек Смитга нисбатан текширув давом этмоқда. Доналд Трампга қарши жиноий ишларга раҳбарлик қилган Смит сиёсий бетарафлик ҳақидаги қонунни бузганликда гумон қилинмоқда.

Фото: politico.com

Давлат хизматчиларининг хулқ-атворини назорат қилувчи федерал агентлик Доналд Трампга қарши жиноий ишларга раҳбарлик қилган собиқ махсус прокурор Жек Смитга нисбатан текширув бошлади. Суриштирув Смитни 2024 йилги президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринишда айблаган республикачи сенатор Том Коттон томонидан бошланган, деб хабар берди Reuters.

Агентликка Махсус ишлар бўйича бошқарма (Office of Special Counsel, OSC) томонидан тасдиқланишича, текширув Смитнинг федерал амалдорларга ўз лавозимларидан сиёсий фаолият учун фойдаланишни тақиқловчи "Хэтч акти" қонунини бузганлиги эҳтимоли билан боғлиқ. OSC давлат хизматчиларининг хулқ-атворини назорат қилувчи мустақил орган, лекин у жиноий жавобгарликка тортиш ваколатига эга эмас.

Адлия вазирлигининг собиқ махсус прокурори Жек Смит Трампга қарши иккита ишни юритган: бири махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ва иккинчиси 2021 йил 6 январда Капитолий биносига бостириб киришга олиб келган 2020 йилги сайлов натижаларига эътироз билдиришга уриниш бўйича. Иккала иш ҳам судгача етиб бормади, бир қатор апелляциялар ва Олий суднинг собиқ президентлар дахлсизлиги ҳақидаги қарори туфайли тўхтатиб қўйилди.

Доналд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг, Смит Адлия вазирлигининг амалдаги президентни жиноий жавобгарликка тортмаслик сиёсатига ишора қилиб, ишни расман тўхтатди, бироқ у тўплаган далиллар Трампни айблаш учун етарли бўлиши ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Мавзуга оид