Ўзбекистон | 21:13
1245
2 дақиқада ўқилади

Avto Climate Control компанияси 230 млрд сўмга хусусийлаштирилди

Avto Climate Control АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилди. Битим қиймати – 230 млрд сўм. Харидор Best Pipe and Parts АЖ бўлиб, унга активнинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш мажбурияти юкланди.

Фото: Avto Climate Control

Avto Climate Control МЧЖ устав капиталидаги давлат улуши хусусийлаштирилди, дея хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.

Давактивга кўра, Avto Climate Control’даги давлат улушини сотиб олишга 4 та компания қизиқиш билдирган, улардан 3 таси мажбуриятга эга таклифлар йўллаган. Хусусийлаштириш жараёнига консултант сифатида Portfolio Investments жалб этилган.

Якунда 230 млрд сўм миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган Best Pipe and Parts АЖ савдо ғолиби деб топилган.

Харидор сотиб олиш тўловининг дастлабки 35 фоизини 1 ой давомида амалга оширади. Шу билан бирга, активнинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш шартини ҳам қабул қилган.

Битим Хусусийлаштириш давлат комиссияси томонидан маъқулланган.

Best Pipe and Parts АЖ ҳақида

Харидор – Best Pipe and Parts АЖ 1996 йилнинг июл ойида рўйхатга олинган. Фаолият тури – автотранспорт воситалари учун бошқа бутловчи қисмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқариш. Устав фонди – 297 млн сўм. Компаниянинг акциядорлари қуйидагилар:

  • UzAuto Korea – 42,3 фоиз;
  • UzAutoComponents – 24,44 фоиз;
  • Dongwon Metal – 24 фоиз;
  • Салима Тошқўзиева – 9,26 фоиз.

Мавзуга оид