Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Паркент туман шифохонасида 9 ойлик чақалоқ биринчи тиббий ёрдамдан кейин вафот этди
26 июль куни Тошкент вилояти Паркент туманида ота-она 9 ойлик қизчасининг аҳволидан хавотирланиб, уни шошилинч равишда туман шифохонасига олиб боради, аммо тиббиёт ходимлари ўз вазифасини вақтида ва етарли даражада бажармагани сабабли орадан бир кун ўтиб, чақалоқ вафот этди. Қизалоқ оиланинг 12 йилдан буён кутган фарзанди эди.
Марҳум чақалоқнинг яқинлари шифокорлар боланинг аҳволини нотўғри баҳолашганини ва қимматли вақт йўқотилганини таъкидлашмоқда. Боланинг аҳволи тобора оғирлашган ва тиббиёт ходимлари бунга димедрол сабаб бўлаётганини айтиб, ота-онани бесабрликда айблаган.
“Турмуш ўртоғим болани Тошкентдаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб бориш кераклигини айтди. Лекин шифокор, бу димедрол таъсири эканлигини, боламнинг аҳволи яхшилигини маълум қилди.
Улар боламнинг тана вазнини ўлчамасдан, кўрикдан ўтказмасдан туриб ташхис қўйишди, бир қанча томчи уколлар қилишди. Бу боланинг тана вазнига қараб қилиниши керак эди. Аввалига ошқозон бузилган деган ташхис қўйишган бўлса, кейин нафас олиши бузилган деб кислород аппаратига улашди. Олиб борган кунимизнинг эртасига болам дунёдан ўтди. Биз суриштирув бошлаганимизда бизга ташхис қўйган шифокорнинг ўз ҳисобидан таътил олиб хорижга кетганини билдик”, дейди чақалоқнинг онаси.
Онанинг айтишича, боланинг ўлимидан кейин шифокорлар томонидан суд мед экспертизага ёлғон маълумот берилган. Болада икки томонлама ўпка пневмонияси, бош миясида шиш борлиги, шу сабаб невропатолог рўйхатида туришини қайд этишган. Аммо болада туғилгандан бери бирор касаллик аломати кузатилмаган.
Айни пайтда прокуратура томонидан мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида тиббий хато ёки лоқайдлик ҳолати ўрганилмоқда. Агар айбдорлар аниқланса, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116 ва 117-моддалари — эҳтиётсизлик орқали инсон ўлимига сабабчи бўлиш ва хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаслик — бўйича жавобгарликка тортилади.
Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан расмий идоралар ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидан муносабат кутади.