Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ва Озарбойжон ўртасида ахборот уруши давом этмоқда
ТАСС Қорабоғ марказини Хонканди эмас, Степанакерт деб аташда давом этди. Бунга жавобан Озарбойжонда Калининградни Кёнигсберг деб аташга ўтишди.

Фото: Aziz Karimov / Getty Images
Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги Қорабоғнинг маъмурий марказини Степанакерт деб аташи ортидан Озарбойжондаги Minval нашри ўз материалларида Россиядаги жой номларини ўзгартира бошлади. Шаҳар СССР даврида ҳамда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ таркибида бўлганида шундай аталган. Ҳозирда эса унинг номи Хонканди ҳисобланади.
Шаҳарнинг тарихий номи Хонканди бўлиб, бу жойдаги аҳоли яшаш манзили камида XVIII асрдан буён шундай номлаб келинган. 1923 йилда эндигина ташкил этилган Озарбойжон ССР ҳукумати шаҳарни арманистонлик инқилобчи, Боку коммунаси раҳбари Степан Шаумян шарафига Степанакерт деб қайта номлаган. 1991 йилда СССР таркибидан чиққанини эълон қилган Озарбойжон ҳукумати Хонкандига асл номини қайтаради. Аммо ўша вақтда бу қарор фақат расмий эди: шаҳар амалда 2023 йилга қадар тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси таркибида қолди ва арманлар Степанакерт номидан фойдаланишда давом этишди.
ТАСС агентлиги 31 июл куни шаҳарда Иван Айвазовскийнинг ҳайкали бузиб ташланиши ҳақида хабар берди. Айвазовскийнинг миллати арман бўлиб, туғилгандаги исми-шарифи Ованнес Айвазян бўлган. Унга ҳайкал 2021 йил декабрида, ҳудуд тан олинмаган Тоғлиқ Қорабоғ республикаси томонидан назорат қилинган даврда қўйилган ҳамда унинг очилишида ўшанда регионда ҳаракатланган россиялик тинчликпарвар кучлар қатнашган. ТАСС хабарида шаҳар Степанакерт деб аталган.
Ўша куни кечқурун Озарбойжон ТИВ ТАСС агентлигидан узр сўрашни талаб қилиб, давлат агентлиги томонидан Степанакерт номидан фойдаланиш «Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилмаслик ва ҳақорат сифатида ҳисобланишини»ни таъкидлади.
Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги агар «собиқ айирмачи қўғирчоқ режим томонидан қабул қилинган номлар» ишлатилса, Боку «Россиядаги турли топонимларни уларнинг тарихий номлари билан аташ» ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши билан таҳдид қилди.
Кўп ўтмай, Озарбойжоннинг Minval нашри Россияга оид бир неча хабарлар эълон қилди, уларда Калининград – Кенигсберг, Оренбург – Оринбор, Волга – Итил деб тилга олинган.
Давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича ўринбосари Константин Затулин бунга жавобан Озарбойжон Қорабоғ устидан назоратни қайтариб олгач, «Россия билан ҳисоблашмасликка қарор қилгани»ни айтди. Депутат фикрича, Боку онгли равишда Москва билан муносабатларни кескинлаштирмоқда. Затулин Озарбойжондагиларнинг ўзи ҳам илгари шаҳарни Степанакерт деб атаганини эслатган.
«Шуни унутмаслик керакки, Озарбойжон ҳеч қачон Россиянинг минтақадаги иттифоқчиси бўлмаган, унинг хатти-ҳаракатлари амбициялар ва аҳмоқлик аралашмасидир», деди Затулин ва Боку «Россиядан узр сўрашини кутмаслиги кераклиги»ни таъкидлади.
Шу билан бирга, ТАСС ўз хабарини таҳрир қилди. Аввалига сарлавҳадаги «Степанакертда» ибораси «Тоғли Қорабоғда», кейин эса «Қорабоғда» (Озарбойжон ҳудудни расман шундай атайди) ибораси билан алмаштирилди.
Россия ва Озарбойжон муносабатлари сўнгги бир йил ичида кескин ёмонлашди. 2024 йил декабр ойида Россия ҳаво мудофаа кучлари хатолик туфайли Бокудан Грознийга учаётган AZAL авиакомпаниясининг йўловчи самолётига зарба берганди. Ракета урилишидан кейин лайнер Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига қўнишга мажбур бўлади, ҳодиса оқибатида 38 киши ҳалок бўлади. Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбатда «фожиали ҳодиса» учун узр сўради, бироқ самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини очиқчасига тан олмади.
Minval нашри авиаҳалокат бўйича тергов қандай кетаётгани ҳақида батафсил маълумот берди. 1 июл куни нашррда AZAL самолётини уриб туширишга хатолик билан буйруқ берган россиялик ҳарбий хизматчининг изоҳи эълон қилинди: нашр тушунтириш хати фотосуратини, шунингдек, рус ҳарбийлари ўртасидаги мулоқотдан парчани ҳавола қилди, у хат мазмунини тасдиқлайди. Minval журналистлари ҳужжат ҳақиқийлигига ишончи комил эмаслигини таъкидлаган, бироқ у қандай қилиб таҳририятга келиб тушганига ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Июл ойи охирида Minval самолётга ҳужум қилиш учун тўғридан тўғри буйруқ берган генералнинг исмини, яна бир неча кундан кейин эса ўққа тутиш пайтида жанговар навбатчиликда бўлган россиялик ҳарбийларнинг фамилияларини маълум қилди. Нашр бу сафар ҳам маълумотни қаердан олганини очиқламади.
Июн ойи охирида Екатеринбургда Озарбойжон диаспорасидан бўлган одамлар қўлга олинди, икки киши ҳалок бўлди. Бунга жавобан Озарбойжон ҳукумати Россия давлат оммавий ахборот воситалари филиаллари ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатди, шунингдек, Россия Федерациясининг бир неча фуқаросини ҳибсга олиб, уларни «Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари» деб эълон қилди. Расмий эълон қилинган видеога кўра, қўлга олинганлар калтакланган. Шундан сўнг Россияда озарбойжонларни таъқиб қилиш давом этди – хусусан, 30 июл куни Ички ишлар вазирлиги Уралдаги Озарбойжон диаспораси раҳбари Шахин Шихлинскийга қидирув эълон қилди.
Мавзуга оид

16:30 / 02.08.2025
Трамп маъмурияти Озарбойжон ва Марказий Осиёни «Иброҳим келишувлари»га қўшмоқчи. Ўзбекистон ТИВ изоҳ берди

15:43 / 31.07.2025
«Озарбойжон иши»: Германияда собиқ депутат шартли жазога ҳукм қилинди

08:47 / 30.07.2025
«Нафтогаз Украины»: Киев биринчи марта Озарбойжондан газ олади

18:25 / 28.07.2025