Ўзбекистон | 20:29
2133
2 дақиқада ўқилади

Орган ходимларининг талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажараётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаганлик учун жарима миқдори 1–12 БҲМдан 5–12 БҲМгача оширилди. Бир йил ичида такрорий содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарлик учун 12–15 БҲМ ёки 15 суткагача қамоқ жазоси ўрнига, бундан буён 12–30 БҲМ ёки 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ички ишлар ва миллий гвардия ходимларининг талабларига бўйсунмаганлик учун жарималар миқдори оширилди. Тегишли қонун 31 июл куни президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонунга кўра, ички ишлар ва миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик (МЖтКнинг 194- ва 194-1-моддалари) учун жариманинг минимал миқдори 2025 йил 1 августдан эътиборан 5 баробарга оширилди.

Бунга қадар ушбу ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 12 бараваригача (412 минг сўмдан 4 млн 944 минг сўмгача) жарима қўлланган бўлса, эндиликда жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 12 бараваригача (412 минг сўмдан 4 млн 944 минг сўмгача) деб белгиланди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган ҳолатлар учун ҳам санкция қатъийлаштирилди. Аввал бундай ҳолатларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 бараваридан 15 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазолари қўлланган бўлса, 1 августдан эътиборан БҲМнинг 12 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси берилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, ички ишлар ёки миллий гвардия ходимининг қонуний талабларини бажармаслик деганда, қуйидагилар тушунилади:

  • ҳуқуқбузарликни тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик;
  • ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш тўғрисидаги қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик;
  • органга бориш ёки кўрсатилган муддатда органда бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик;
  • транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларни бажармаслик;
  • жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларни бажармаслик;
  • ходимнинг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик.

Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш вазифаларини амалга ошираётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаслик ҳам юқорида келтирилган маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид