Ўзбекистон | 11:56 / 01.08.2025
966
1 дақиқада ўқилади

Сотувчиларни мажбуриятини ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормалар белгиланди

Жорий йилнинг 31 июл куни имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчаларга кўра, сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормалар белгиланди

Хусусан, сотувчи олди-сотди шартномасида кўрсатилган муддатда товарни топшириш бўйича мажбуриятини бажармаганда, кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши кўзда тутилди.

Бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги керак. 

Шунингдек, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, барча озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фақат ёдланган туздан фойдаланилиши белгиланди. 

Мавзуга оид