Ўзбекистон | 14:54 / 01.08.2025
13957
1 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўринбосари Қорақалпоғистонга прокурор бўлди

Эркабой Тожиев Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимидан кетган, унинг ўрнини Шоҳрух Аминов эгаллаган.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Шоҳрух Азаматович Аминов Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида маълум қилинди.

Шоҳрух Аминов 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги фаолиятини 2004 йилда Самарқанд шаҳар прокуратурасида бошлаб, Самарқанд вилоят прокуратураси органларида турли лавозимларда ишлаган.

2014 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Фаолияти давомида Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари лавозимларида ишлаган, 2018-2020 йилларда Навоий вилояти прокурори бўлган. 2020 йил ноябрида Сирдарё вилояти прокурори этиб тайинланган, 2022 йил апрелидан бош прокурорга ўринбосарлик қилаётганди.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон прокурори лавозимида 2022 йил июлидан буён Эркабой Тожиев ишлаб келаётганди. Унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Мавзуга оид