Жаҳон | 08:10 / 01.08.2025
2300
2 дақиқада ўқилади

АҚШ: Хитойнинг Россия нефтини сотиб олиши 100 фоизлик божга сабаб бўлиши мумкин

АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг айтишича, Хитой санкциялар остидаги Россия нефтининг кейинги харидлари салбий оқибатларидан огоҳлантирилди. Пекин «энергетика суверенитети»ни ҳимоя қилишда давом этишини билдирди.

Фото: Valentin Flauraud/AFP

АҚШ Хитойни санкциялар остидаги Россия нефтини сотиб олиши Вашингтон Хитой товарларига 100 фоиз импорт божлари жорий этишига олиб келишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Скотт Бессент маълум қилди. Reuters агентлигининг хабар беришича, Стокҳолмда АҚШ ва Хитой ўртасида ўтказилган икки кунлик савдо музокаралари якунларини сарҳисоб қилар экан, Бессент, шунингдек, Хитой санкцияларга дучор бўлган Эрон нефтини сотиб олишда давом этаётгани ва Россияга икки мақсадли товарларни сотишда давом этаётганидан норозилигини билдирди, бу эса Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушининг чўзилишига бевосита таъсир қилади.

АҚШ молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, унинг огоҳлантиришларига жавобан Хитой вакиллари ўзларининг «энергетика суверенитетини» ҳимоя қилишда давом этиш ниятида эканини билдирган. «Хитойликлар ўз суверенитетига жуда жиддий муносабатда бўлади. Агар улар 100 фоизлик бож тўлашни танласа, биз уни бузишни истамаймиз», — дея таъкидлади Бессент.

АҚШ молия вазири, шунингдек, Конгресс томонидан кўриб чиқилаётган Россия энергия ресурсларини сотиб олувчи мамлакатлардан импортга 500 фоизлик божлар жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг муҳимлигини алоҳида қайд этди. «Менимча, Россия нефтини сотиб олган ҳар бир киши бунга тайёр бўлиши керак», деди Скотт Бессент матбуот анжуманида.

АҚШ молия вазири ва Хитой бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн бошчилигидаги учрашув АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасида савдо келишуви эълон қилинганидан бир кун ўтиб Швеция пойтахтида бўлиб ўтди.

Мавзуга оид