Ўзбекистон | 16:32 / 30.07.2025
8155
3 дақиқада ўқилади

«Етказилган зарар қопланган» — Олий суд «Тошшаҳартрансхизмат»нинг 7,5 йилга қамалган амалдори нега озод қилинганини тушунтирди

Давлат мулкини талон-торож қилишда айбдор деб топилиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган «Тошшаҳартрансхизмат» собиқ бошқарув раиси Анвар Жўраев ва унинг ўринбосарига тайинланган жазо — апелляция судининг қарори билан енгилроғига алмаштирилди. Олий суд апелляция судининг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу қарори юзасидан тушунтириш берди.

Фото: Kun.uz

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ собиқ бошқарув раиси Анвар Жўраев ва унинг ўринбосари Абдужамил Азизов жорий йил февраль ойида давлат мулкини талон-торож қилишда айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

5 июнь куни Анвар Жўраев ва яна 19 кишига оид жиноят иши апелляция инстанцияси судида кўриб чиқилиб, суд ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгартирилди. Хусусан, 7,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Анвар Жўраев ва унинг ўринбосари суд залидан озод қилиниб, жазо — озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» собиқ раҳбари Анвар Жўраев

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган апелляция судининг ушбу қарори юзасидан тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, дастлабки инстанция суди ҳукми билан Анвар Жўраев ва ташкилот тасарруфидаги автобус саройларининг 20 нафар ходими ЖК 167-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор деб топилган. Улардан, асосий жазодан ташқари, 2 миллиард 475 миллион сўмдан кўпроқ зарар ундирилиши, судланувчиларга тегишли 2 та уй-жой етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилиши белгиланганди.

Олий суднинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўрилган суд жараёни давомида судланувчилар томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланган.

«Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги белгиланган.

Шу боис, апелляция судининг 2025 йил 5 июндаги ажрими билан асосий жиноят бўйича етказилган зарар қопланганлиги сабабли судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган. Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган маблағларга олинган ва зарарни қоплашга қаратилган 2 та уй-жой давлат фойдасига мусодара қилинди”, дейилади Олий суднинг тушунтиришида.

Бундан ташқари ушбу ажримдан норози тарафлар ЖПК 510-моддаси (тафтиш тартибида қайта кўрилиши мумкин бўлган суд ҳукмлари, ажримлари) талабларига мувофиқ Тошкент шаҳар судига тафтиш тартибида шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин.

Мавзуга оид