Жамият | 16:30 / 30.07.2025
2052
2 дақиқада ўқилади

Yandex Uzbekistan сунъий интеллект асосида янгиланган қидирув хизматини ишга туширди

Yandex Uzbekistan ўзининг қидирув хизматини сунъий интеллект асосида янгилади. Янгиланган Yandex Search нейрон тармоқлар ёрдамида ўзбек тилидаги сўровларни яхшироқ тушуниш ва уларга мос маълумотларни топиш имконини беради.

Фото: Yandex Uzbekistan

Компания маълумотларига кўра, хизмат ўзбек тилидаги сўровларга қисқа ва мазмунли жавоб тайёрлаб, уни фойдаланувчига чат шаклида тақдим этиши мумкин. Қидирув тизими рус ва инглиз тилларидаги контентни ўзбек тилига таржима қилиш қобилиятига ҳам эга.

Айни пайтда, интернетдаги турли манбаларда жойлаштирилган 11,6 миллиондан ортиқ матн ўзбек тилида фойдаланиш учун очиқ қилинган. Улар орасида Wikipedia мақолалари ва IT мутахассислар учун муҳим платформалардан бири — Stack Overflow ҳам бор.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар энди Yandex Search’да чат орқали савол беришлари ва жавобни дарҳол олишлари мумкин. Янги функция yandex.uz сайтининг бош саҳифасида мутлақо бепул тақдим этилган. Фойдаланувчи саволига жавоб — қидирув натижаларида веб-сайтлар ҳаволаларидан юқорида пайдо бўлади. Бунгача нейрон тармоқлар сўровни таҳлил қилади ва агар турли манбалар асосида қисқа ва фойдали жавоб бериш мумкин бўлса, шуни тайёрлаб тақдим этади. Шунингдек, қидирув сатри остидаги Yandex AI танловини босиш орқали ҳар қандай ҳолатда нейросетлар томонидан тузилган жавобни олиш мумкин.

Таъкидланишича, янги хизмат орқали берилган жавобларга манба ҳаволалари ҳам илова қилинади. Бу эса фойдаланувчига маълумотни текшириш ва кенгроқ ўрганиш имконини яратади.

Маълумот учун, Yandex Uzbekistan компанияси мамлакатда 2018 йилдан бери фаолият юритади ва турли рақамли хизматларни таклиф қилиб келмоқда.

Мавзуга оид