Жаҳон | 13:55 / 29.07.2025
1620
2 дақиқада ўқилади

Хитой пойтахтида кучли ёмғир оқибатида 30 киши ҳалок бўлди

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида сўнгги кунларда ёғаётган кучли ёмғир 30 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Фото: Синхуа

"Синхуа" ахборот агентлиги Пекин шаҳар сув тошқини назорати штабига таяниб хабар беришича, Хитой пойтахтининг шимолий ҳудудларида ҳалок бўлганлар қайд этилган. Хусусан, Миюн туманида 28 киши, Янцин туманида 2 киши ҳалок бўлган.

Шаҳар бўйлаб жами 80 332 киши сув сатҳининг кўтарилиши сабабли эвакуация қилинди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ёғингарчиликнинг максимал миқдори Миюн туманида 543,4 ммга етган.

Кучли ёмғир 31 та йўл участкасига зарар етказди ва 136 қишлоқда электр таъминотида узилишларга олиб келди.

Сўнгги кунларда Миюн ва пойтахтнинг бошқа ҳудудларида субтропик антициклон четидан иссиқ ва нам ҳаво таъсирида юзага келган экстремал ва кучли ҳодисалар қайд этилди.

Расмийлар аҳоли ва меҳмонларни дарёлар ҳамда тез оқадиган сув ҳавзаларидан узоқда бўлиш ва шахсий хавфсизлик чораларига риоя қилишга ундади.

Мавжуд вазият муносабати билан Хитой раиси Си Жинпинг мамлакатнинг айрим ҳудудларида кузатилган кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган сув тошқинлари ва геологик офатларга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда одамлар ҳаёти ва мулки хавфсизлигини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирди.

Мавзуга оид