Ўзбекистон | 21:19 / 28.07.2025
7778
4 дақиқада ўқилади

Хусусий университетларга сиртқи таълимга киришнинг айланма йўли пайдо бўлди

Бу йил на давлат ОТМларида, на хусусий олийгоҳларда сиртқи таълимнинг 1-курсига қабул бўлмади. Натижада хусусий университетларнинг 2-, 3-, 4- ва ҳатто 5-курсига сиртқи таълимга қинғир йўллар билан қабул қилиш авж олган. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевга кўра, йил бошидан бери HEMIS тизимида 26 мингта талаба сиртқи таълимга қўшилган. Шундан 4800 нафари – иккита хусусий ОТМга тўғри келади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим эълонлардан скриншотлар

Ижтимоий тармоқларда сиртқи таълимга 2-3-курсдан қабул қилишга оид очиқдан очиқ эълонлар кўпайди. Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев бу борада суриштирув ўтказди.

У шундай эълон берганлардан бири билан мижоз сифатида боғланиб, қуйидагиларни аниқлаган:

  • турли консалтинг фирмалар 2-3-4 ва ҳатто 5-курсдан сиртқи таълимга ўқишга киритишни ваъда қилади;
  • рўйхатда 50 дан ортиқ йўналиш бор, исталганини танлаш мумкин, барчаси хусусий университетларда;
  • 10 дан ортиқ хусусий университетларнинг рўйхатини ҳам беришади, исталганини танланг деб;
  • фирма хизмати ҳақи йўналишига қараб тахминан 10 млн сўмдан 30 млн сўмгача, лекин университетга контрактни ўзингиз тўлайсиз, бу пул фирма "харажати" учун холос;
  • сизнинг номингизга Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондаги олийгоҳларда ўқияпти, деган сохта ҳужжат тайёрлашади; лекин ўзингизга у ҳужжатни кўрсатишмайди;
  • ўша сохта ҳужжат билан сизни худди “перевод” қилгандай Ўзбекистондаги хусусий университетнинг юқори курсига олиб келиб жойлашади. Университет шартнома беради, контракт пулини тўласангиз бўлди, ҳеч нарса бўлмагандай 2-, 3-, 4- ёки ҳатто 5-курсдан ўқишни бошлайсиз.

“Бу жараёнга катта эҳтимол билан университетлар ҳам аралашган бўлади, чунки ўзини ҳурмат қилган олийгоҳ албатта талабанинг ҳужжатини текшириб кўради, сохта ҳужжат билан жойлашишга йўл қўймайди. Лекин миллионлаб контракт тўлашга тайёр мижоз келиб турганда, университетлар ҳам мана шу коррупсион схемага шерик бўлмоқда.

Булар шунчаки сизни олийгоҳга жойлаб қўйишмайди, балки вазирликнинг HEMIS дастурига “орқа сана” билан киритиб ҳам қўйишади. Лекин бунинг учун аввал контрактни тўлиқ тўлашингизни сўрашади”, – дея ёзди блогер.

Хушнудбек Худойбердиев ўзидаги маълумотларга таяниб ёзишича, 2025 йил 1 январдан 3 июлгача 41 812 нафар талаба HEMIS тизимига киритилган, шундан 25 821 нафари сиртқи таълимга қўшилган. “Қанақа қилиб??? Наҳотки буни ҳеч ким назорат қилмаган???” – дея савол қўйган ҳуқуқшунос.

Унинг қўшимча қилишича, шу давр ичида битта хусусий университет 3- ва 4-курсга 3200 нафар талаба қабул қилган, яна бошқа биттаси 1599 кишини юқори курсларга HEMIS'га киритган.

“Бу не сир-у синоат, ўртоқлар? “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшаб, куппа-кундуз куни жиноят содир этишса, ҳаммамиз томошабин бўлиб турамизми? Қизиқ-ку... Жуда қизиқ...” – дея ўз постини якунлаган юрист Худойбердиев.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ сўраб, Олий таълим вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан бошлаб сиртқи таълимга қабул тўхтатилди. Бу талаб давлат олийгоҳлари учун ҳам, хусусий олийгоҳлар учун ҳам бирдек амал қилиши белгиланган.

Шу билан бирга, ҳозирда сиртқи таълимда ўқиётган талабалар учун барча ўқув жараёнлари белгиланган тартибда давом эттирилади. Яъни улар то ўқишни битиргунга қадар сиртқи таълим шаклида ўқишда давом этишади.

Мавзуга оид