Ўзбекистон | 16:43 / 26.07.2025
1531
4 дақиқада ўқилади

Ўрмон ёнғинлари ҳаво исиётгани билан боғлиқми? Уларнинг олдини олиш чоралари мавжудми?

Сўнгги кунларда ўрмон ва адирликларда ёнғинлар юз бермоқда. Баъзи ҳолларда уларни ўчириш ҳам жуда қийин кечмоқда. Бу ҳолат қай даражада об-ҳаводаги ўзгаришлар — одатдан ташқари давомли иссиқлик, тоғ ҳудудларида ёмғир ёғмаслиги билан боғлиқ? Ёнғин хавфини олдиндан башорат қилиш ва унинг олдини олиш учун давлат идоралари қандай чоралар кўриши керак? Ҳолатни иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таҳлил қилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Охирги кунларда Ўзбекистоннинг кўплаб тоғли ҳудудларида ўрмон ёнғинлари юз бераётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Туркия ёки Европа мамлакатларидаги каби йирик ўрмон ёнғинлари бизда нисбатан кам учрайди. Аммо умумий майдонимизнинг атиги 7–8 фоизини ташкил этувчи ўрмонларимиз шундай ёнғинлар туфайли йўқ бўлмоқда.

Дунё амалиётида ўрмон ёнғинларини олдиндан башорат қилиш механизми яратилган. Чунки бундай ёнғинлар, одатда, узоқ муддат ёғингарчилик кузатилмаслиги, ҳароратнинг муттасил +35 даражадан юқори бўлиши, турли атмосфера жараёнлари ва шамол тезлиги билан узвий боғлиқ. Ҳозирги кунда об-ҳаводаги бундай ўзгаришларни юқори аниқликда олдиндан прогноз қилиш имконияти мавжуд.

Россия ва Қозоғистонда тоғ ва яйловларда ёнғинлар юзага келиш хавфи ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда об-ҳаво бюролари томонидан тақдим этиб борилади. Масалан, яқин 24 соатда Қазгидромет Қозоғистоннинг марказий ва жанубий вилоятларидаги бир нечта туманларда ўрмон ва яйлов ёнғинларининг “қизил” хавф даражасини эълон қилган.

Сўнгги кунларда мамлакатимизда кузатилган юқори ҳарорат (термал иссиқлик) жараёни натижасида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Кўҳитанг тоғлари ва Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори дамбаси тепасида жойлашган ҳудуддаги ўрмон ёнди. Ёнғинни ўчиришга Мудофаа вазирлиги вертолётлари ҳам жалб этилди. Ўрмон ёнғини ҳозирда тўлиқ бартараф этилган. Сунъий йўлдош тасвирларида ёнғин майдони катта эмаслиги кўриниб турибди.

Шеробод туманида давом этаётган ўрмон ёнғинларини назорат остига олиш эса қийин кечмоқда. Масалан, 23 июл куни аланга олган ва ўчирилган ёнғин 24 июл куни тушдан сўнг яна қайта ёнди. Бу ҳолат сунъий йўлдош тасвирларида ҳам аниқ кўринган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин 24 июлга ўтар кечаси соат 00:35 да Сурхондарё вилоят ФВБ томонидан тўлиқ ўчирилган.

Сунъий йўлдош маълумотларига қараганда, ҳозирда Сурхон қўриқхонаси ҳудудида ёнғин майдони тахминан 900 гектарга яқинлашган.

Келаётган кунларда ҳарорат бироз пасайиши кутилса-да, шамол кучайиши билан боғлиқ хавф туфайли мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида ёнғин чиқиш эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

Бундай шароитда “Ўзгидромет” томонидан ёнғин хавфига доир аниқ ва манзилли огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқиш муҳим. Ҳукумат тузилмалари эса ушбу прогнозлар асосида тегишли куч тузилмаларини шай ҳолатга келтириши лозим. Ёнғин юз берган тақдирда уни тезкор бартараф этиш, ўрмонларнинг турли нуқталарини назорат қилувчи кузатув камераларини ўрнатиш, ёнғинни ўчиришда сув манбаларидан самарали фойдаланиш каби чоралар кўриш мақсадга мувофиқ.

Шундоқ ҳам яшилликни кўпайтиришни устувор мақсад қилиб олган бир пайтда, бундай ёнғинлар амалий ишларимизнинг натижасини йўққа чиқариши мумкин.

Мавзуга оид