Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
3,7 млн сўмдан 16,2 млн сўмгача – Ўзбекистондаги ўртача ойликлар эълон қилинди
2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 5 млн 982 минг сўмни ташкил этди. Тошкент шаҳри (10,1 млн сўм) ва Навоийда (7,5 млн сўм) энг кўп, Қашқадарё (4,1 млн сўм) ва Сурхондарёда (4,2 млн сўм) эса камроқ маош тўланяпти. Ҳудудлардаги расмий ойликлар ўртасидаги тафовут янада катталашган. Ўқитувчи ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати тезлашган бўлса-да, республика бўйича ўртача кўрсаткичдан пастлигича қоляпти.

Фото: Kun.uz
2025 йил январ-июн ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 982 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,2 фоизга ўсган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (10 млн 138 минг), Навоий (7 млн 486 минг) ва Тошкент вилоятида (5 млн 674 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (4 млн 148 минг), Сурхондарё (4 млн 256 минг) ва Наманган (4 млн 350 минг) вилоятларида қайд этилган.
Ойлик маошларнинг энг юқори ўсиши Тошкент шаҳри (+18,8 фоиз), Сирдарё (18 фоиз) ва Жиззах (18,5 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти) номинал иш ҳақи республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Пойтахт ва ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи фарқи кенгайишда давом этмоқда. Хусусан, энг юқори (Тошкент) ва энг паст (Қашқадарё) иш ҳақи ўртасидаги фарқ 2,32 дан 2,44 баробарга ошган.
2020-2023 йилларда йилда энг кўп ва энг кам ўртача ойлик тўланувчи ҳудудлардаги тафовутлар:
- 2020 йилда: (Тошкент/Қашқадарё). Фарқ – 96 фоиз;
- 2021 йилда: (Тошкент/Сурхондарё). Фарқ – 2,03 баробар;
- 2022 йилда: (Тошкент/Самарқанд). Фарқ – 2,17 баробар;
- 2023 йилда: (Тошкент/Наманган). Фарқ – 2,25 баробар.
Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, соҳалар кесимида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:
- банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида – 16 млн 253 минг сўм;
- ахборот ва алоқа соҳасида – 14 млн 785 минг сўм;
- ташиш ва сақлаш соҳасида – 9 млн 6 минг сўм;
- саноат соҳасида – 7 млн 173 минг сўм;
- савдо соҳасида – 6 млн 701 минг сўм;
- қурилиш соҳасида – 5 млн 888 минг сўм;
- санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 5 млн 37 минг сўм;
- яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 4 млн 592 минг сўм;
- таълим соҳасида – 4 млн 142 минг сўм;
- соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида – 3 млн 697 минг сўм.
Соҳалар кесимида иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръати санъат, кўнгил очиш ва дам олиш (+20,7 фоиз), таълим (+18,3 фоиз) ва ахборот ва алоқа (+17 фоиз) соҳаларида кузатилган.
Ўқитувчи ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати тезлашган бўлса-да, республика бўйича ўртача кўрсаткичдан (мос равишда 31, 8 фоиз ва 38,2 фоизга) пастлигича қоляпти. Бунинг ортидан ушбу соҳалардаги иш ҳақи ва республика даражаси ўртасидаги тафовут ортди. Шунингдек, биринчи чоракка нисбатан қурилиш ҳамда яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида ойлик даромадлар камайган.
Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 10 фоизга ошганди, 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори ҳам 10 фоизга оширилади.