Жаҳон | 14:50 / 24.07.2025
6263
4 дақиқада ўқилади

«Учрашувга ҳали эрта». Истанбулдаги музокараларнинг қисқача якунлари

Украина: ўт очишни буткул тўхтатиш ва Путиннинг Зеленский билан учрашувини ўтказиш керак. Россия: ўт очишни бир-икки кунга тўхтатиш мумкин, учрашувга эса ҳали эрта.

Фото: Dilara Senkaya / Reuters / Scanpix / LETA

23 июл куни Истанбулдаги Чироғон саройида Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларнинг учинчи босқичи ўтказилди. Икки томоннинг ахборот агентликлари ва телеканаллари хабарларига кўра, музокаралар бир соатдан камроқ вақт давом этган. Шундан сўнг делегациялар раҳбарлари – Украина томонидан Рустем Умеров, Россия томондан Владимир Мединский (алоҳида-алоҳида) журналистлар қаршисига чиқишди. Улар музокаралар якунида шундай сўзлар айтишди.

Рустем Умеров

Россия томонига август ойи охиригача Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Доналд Трамп иштирокида давлатлар раҳбарлари (Володимир Зеленский ва Владимир Путин) учрашувини ўтказиш таклиф қилинди.

Украина ўт очишни тўлиқ ва сўзсиз тўхтатишни талаб қилишда давом этмоқда ва тинчлик музокараларига тайёр. Ўт очишни тўхтатиш фуқаролик объектлари ва муҳим инфратузилма объектларига зарба беришни тўлиқ тўхтатишни ўз ичига олиши керак.

Украина нафақат ҳарбий асирларни, балки тинч аҳолини, жумладан, болаларни озод қилишда ҳам олдинга силжиш бўлишини кутмоқда.

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги муҳокама қилинаётган ҳужжатларни меморандумлар деб аташ нотўғри. Украина лойиҳаси Россия лойиҳасига қараганда реалроқ.

Владимир Мединский

  • [Зеленский ва Путин] учрашуви учун келишув шартларини ишлаб чиқиш ва у ерда нимани муҳокама қилишни тушуниб олиш керак, бу учрашувда «нуқта қўйилиши, имзо чекилиши» керак. Барчасини нолдан муҳокама қилиш учун учрашишдан маъно йўқ.
  • Музокараларда меморандумларда баён қилинган позициялар муҳокама қилинди. Томонлар тақдим этган тинчлик меморандумларидаги позициялар «бир-биридан анча узоқ».
  • Россия томони санитар жамоалари ярадорлар ва ҳалок бўлганларни олиб кетиши учун фронт чизиғида 24-48 соатлик қисқа муддатли сулҳ эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.
  • Яқин вақт ичида ҳар икки томондан камида 1200 нафардан ҳарбий асирларни алмашишга келишиб олинди. «Биз Украинага кўпроқ ҳарбий асирларни топширишни таклиф қилдик, агар уларда бизникилар яна бўлса – демак, бу рақам кўпроқ бўлади», – деди Мединский.
  • Россия Киевга ҳалок бўлган Украина ҳарбийларининг яна 3000 жасадини топширишни таклиф қилди. Украина қуролли кучларининг ҳалок бўлган аскарларининг жасадлари Украина томони тайёр бўлиши биланоқ «Қизил хоч» ёрдамида Киевга топширилади.
  • Келишувларнинг бир банди охиригача бажарилмади – «Украина қуролли кучлари Курск областида эвакуация қилган» тинч аҳоли вакиллари уйларига ҳали қайтарилмади.
  • Украина томонига сиёсий, гуманитар ва ҳарбий масалалар бўйича онлайн режимда ишлайдиган учта ишчи гуруҳ тузиш таклиф қилинди.
  • Россия Украина ҳудудидан олиб чиқилган 339 нафар украиналик болаларнинг тўлиқ рўйхатини «ишлаб чиқди». Украина рўйхатидаги кўплаб болалар ҳеч қачон Россия ҳудудида бўлмаган. Болаларнинг бир қисми аллақачон қайтарилган, қолганлари бўйича «иш кетмоқда».
  • Россия томони Украина билан музокараларнинг тўртинчи раунди бўлиб ўтишига умид қилмоқда.

Мавзуга оид