Жаҳон | 10:33 / 24.07.2025
7034
3 дақиқада ўқилади

Сирский Трампни урушни Россия ҳудудига кўчиришга ёрдам беришга чақирди

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Россияга муносиб зарба бериш учун баллистик ракеталар етказиб берилишини сўраган.

Фото: Oksana Parafeniuk / The Washington Post

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 23 июл куни The Washington Post газетасига берган интервюсида АҚШ ва Европани украиналик ҳарбийларга узоқ масофага учувчи ракеталар беришга ва улардан Россияга қарши фойдаланишга рухсат беришга чақирди.

Сирскийнинг сўзларига кўра, агар Украина ўрта ва узоқ масофали ракеталарнинг катта миқдорини, жумладан, Американинг ATACMS ва Германиянинг Taurus’ларини олса, Украина қуролли кучлари Россиянинг ракета ва дрон ишлаб чиқарувчи корхоналарига ҳужум қилиш орқали Россия қуролларини ишлаб чиқаришни секинлаштириши мумкин.

«Улар [россияликлар] деярли ҳаммасини – аэродромлар, аҳоли пунктлари, инфратузилма объектларини нишонга олган. Шунинг учун, албатта, душманга муносиб зарба бериш имкониятига эга бўлиш учун бизга баллистик ракеталар етказиб берилиши керак», – деган Сирский 19 июл куни WP томонидан олинган ва 23 июл куни эълон қилинган интервюда.

«Ҳар қандай ракета қуролининг мавжудлиги ўз-ўзидан чекловчи омил ҳисобланади. Умид қиламанки, президент Трампнинг позицияси туфайли бу жараён анча осонлашади ва... бизда аввалгидек қийинчиликлар бўлмайди», – деган у.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Украина захирасида ATACMS ракеталари қолган-қолмаганига изоҳ беришдан бош тортган (The Washington Post маълумотига кўра, бундай захиралар тугаган). Шу билан бирга, Сирский Украинага 155 миллиметр калибрли артиллерия снарядлари ва зирҳли техникалар етишмаётганини айтиб ўтган.

«Бизда юқори мотивацияли ва жасур аскарлар бор, улар олдинга бора олади, аммо уларга замонавий ва ишончли ҳимоя воситалари керак», – дея қўшимча қилди Украина қуролли кучлари бош қўмондони.

АҚШ президенти Доналд Трамп 14 июл куни Қўшма Штатлар ва НАТО Украинага қурол-яроғ етказиб бериш бўйича келишув тузгани, унга кўра Америка қуроллари учун алянс иттифоқчилари тўлов қилишини айтганди. НАТО вакилининг сўзларига кўра, ташаббусни Германия, Норвегия, Дания, Нидерландия, Швеция, Буюк Британия, Канада ва Финландия қўллаб-қувватлаган, деб ёзади The Wall Street Journal.

Россия «ўз қуролини Россияга қарши қўллашга рухсат берадиган мамлакатларнинг ҳарбий объектларига қарши қўллаш ҳуқуқига эга», деб ҳисоблайди, деди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

Мавзуга оид