Жаҳон | 00:02
5552
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Украинанинг Истанбулдаги учинчи музокаралари якунланди

Учрашув бир соатдан камроқ давом этди.

Фото: ТАСС

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 23 июл куни Россия ва Украина делегацияларининг музокаралари ўтказилди, деб ёзди ТАСС.

Музокаралар бошлангани ҳақида Тошкент вақти билан соат 22:38 да хабар берилди, улар 23:16 да якунланди. Шундай қилиб, музокаралар бир соатдан камроқ давом этди. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фиданнинг қисқа кириш сўзидан сўнг, улар ёпиқ режимда ўтди.

ТАСС манбасига кўра, музокараларнинг учинчи раунди давом эттирилмайди. Томонлар ҳарбийлар ва фуқароларни алмашиш бўйича келишиб олган, бироқ тафсилотлар маълум эмас.

Украина томони Россияга август ойи охиригача Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Доналд Трамп иштирокида етакчилар учрашувини ўтказишни таклиф қилди, деб хабар берди Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров.

«Украина самарали дипломатиянинг зарур асоси сифатида ўт очишни тўлиқ ва сўзсиз тўхтатишни талаб қилишда давом этмоқда», деди Умеров. Унинг сўзларига кўра, Украина ўт очишни тўхтатишга ва тинчлик музокараларини бошлашга тайёр.

«Биз ўт очишни тўхтатиш ҳақиқий бўлиши кераклигини таъкидлаймиз. У фуқаролик объектлари ва муҳим инфратузилма объектларига зарба беришни тўлиқ тўхтатишни ўз ичига олиши керак», деб қўшимча қилди у.

Музокаралар давомида Украина гуманитар йўналишга ҳам эътибор қаратган. Киев нафақат ҳарбий асирларни, балки тинч аҳолини, жумладан, болаларни озод қилишда ҳам олдинга силжиш бўлишини кутмоқда.

Аввалроқ, Россия ва Украина икки марта тўғридан-тўғри музокара ўтказган эди. 16 май куни бўлиб ўтган учрашув асирларни алмашиш (1000 га 1000) ва ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлар тайёрлаш бўйича келишувлар билан якунланди. Музокараларнинг иккинчи раунди 2 июн куни ўтказилди, унда меморандумлар алмашинуви ва ҳарбий асирлар алмашинуви бўйича янги келишувга эришилди.

Мавзуга оид