Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОКМКда яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида яна бир лойиҳа – Рух заводининг 6-Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехини қуриш ишлари якунланмоқда.

Фото: ОКМК
Таъкидлаш жоизки, объектни қуриш ишлари, жумладан ускуналарни ўрнатиш ва монтаж қилиш комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ҳамда Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда. Германиянинг Metso-Outotec компанияси эса EPS шартномаси асосида технологик ускуналар ва жиҳозларни етказиб бермоқда.
Бунда ишлаб чиқариладиган кислотанинг сифати юқори даражада тоза бўлишига ҳамда цехнинг зилзилабардош ва сейсмик хавфсизлик меъёрларига тўлиқ жавоб беришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, экологик хавфсизлик чоралари сифатида Даниянинг FLSmidth компаниясининг газларни чангдан тозаловчи замонавий 4 секцияли фильтрлари ўрнатилмоқда. Бу рух металлининг қайтариб бўлмас йўқотишларининг олдини олиб, бойитмадан рух металини ажратиб олиш даражасини оширади. Шунингдек, қўшимча газдан рений ва селен каби ноёб металларни ажратиб олиш имкони ҳам яратилади.
Газларни тозалаш бўлимидаги барча асосий жиҳозлар узоқ йиллар хизмат қилувчи композицион материаллардан ясалган бўлиб, уларни ўрнатиш ва таъмир ишларига кўп вақт ва маблағ сарфланмайди.
Қуритиш ва абсорбциялаш бўлимидаги барча кислота қувурлари, иссиқлик алмаштиргичлари зангламас SX материалидан ясалиб, ўрнатилмоқда. Бу материал кислотага юқори бардошлиги билан ажралиб туради.
Мазкур цех фойдаланишга топширилганидан сўнг, соатига 79 минг куб метргача ҳажмдаги технологик газлар атмосферага чиқарилмасдан ушлаб қолинади.
Бу ўз навбатида ҳудуднинг экологик ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиш билан биргаликда йилига 180 минг тонна сульфат кислотасини, яъни қўшимча товар маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини беради.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида жорий йилда 690 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилиб, мамлакатимизнинг ички бозорига йўналтирилади. Жумладан, сульфат кислотасидан қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган минерал ўғитлар, автомобиллар учун кислотали аккумуляторларни ишлаб чиқаришда ҳамда уран қазиб олишда кенг фойдаланилади.
Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, бугунги кунда Осиё-Тинч Океани минтақаси жаҳон сульфат кислотаси бозорида устунликка эга. Бунда энг юқори истеъмол даражаси Хитой, Ҳиндистон ва Япония сингари мамлакатларга тўғри келиб, сульфат кислотасининг гигроскопик ва оксидловчи хоссаларидан келиб чиққан ҳолда минерал ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар, синтетик матолар ва пигментлар ишлаб чиқаришда ишлатилади.
Жаҳон сульфат кислотаси бозорининг ҳажми 2024 йилда 21,9 миллиард доллардан 2032 йилга келиб 28,6 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми эса йилига қарийб 200 миллион тоннани ташкил этади.
Бунда, табиийки, Ўзбекистоннинг ўрни қандай, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб сифатида айтиш мумкинки, ҳозирда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилаётган Металлургия мажмуасининг ишга тушиши натижасида йилига қўшимча 1,8 млн тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Бунинг жаҳондаги улуши 1,3 фоиздан ошади.
ОКМК Ахборот хизмати
Мавзуга оид

12:00 / 26.02.2025
ОКМКда янги оҳак заводи қурилишига старт берилди

13:54 / 12.12.2024
Газпромбанкка қарши санкциялар Ўзбекистон мис саноати ривожини хавф остига қўяди — The Diplomat

17:30 / 11.12.2024
ОКМКда инвестиция лойиҳалари ишга туширилмоқда: комбинатнинг янги босқичи ва келажаги ҳақида маълумот берилди

21:47 / 20.11.2024