Жаҳон | 00:39
1281
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия билан янги музокаралар санасини айтди

Музокаралар 23 июл куни Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган.

Фото: Reuters

Россия билан навбатдаги музокаралар 23 июл куни Туркияда ўтказилади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский анъанавий кечки мурожаатида маълум қилди.

«Бугун мен [Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем] Умеров билан Туркияда Россия томони билан алмашинув ва яна бир учрашувга тайёргарлик кўриш масаласини муҳокама қилдим. Умеров учрашув чоршанба [23 июл] куни бўлиб ўтиши режалаштирилганини маълум қилди», деди у.

Аввалроқ, Украина раҳбари Истанбулда асирларни алмашиш, Россия томонидан ўғирланган болаларни қайтариш ва етакчилар учрашувига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилганини айтган эди.

ТАСС хабарига кўра, музокаралар 23 июл эмас, 24 июл куни ўтказилади. Россия расмийлари учрашув санаси ҳақида хабар бермади.

Россия ва Украина делегациялари бунга қадар Истанбулда икки марта учрашган: 16 май ва 2 июн. Хусусан, томонлар асирларни алмашишга келишиб олган ва келишув меморандумлари версияларини бир-бирига топширган эди.

Москва июн ойи охирида музокараларнинг янги босқичига тайёрлигини маълум қилганди. «Биз алоқадамиз, музокара гуруҳларимиз бир-бири билан алоқада. Ҳозир фақат Мединскийдан сўрадим, у фақат бугун Киевдаги контрагенти билан гаплашганини айтди. Улар асосан 22 июндан кейин учрашишга келишиб оляпти», деди Россия президенти Владимир Путин 19 июн куни.

Мавзуга оид