Жаҳон | 15:03
1595
2 дақиқада ўқилади

Украина «Газпром»дан 6,9 млрд доллар ундиришга тайёрланмоқда

Киев Россия Федерацияси ва «Газпром»дан 6,9 миллиард доллар ундирмоқчи бўлган халқаро арбитраж судларининг қарорлари мутлақо адолатли, деди Володимир Зеленский.

Фото: Getty Images

Украина халқаро арбитраж судларининг жами 6,9 миллиард долларлик бир қанча ижобий қарорларига эга бўлиб, уларни Россия ва «Газпром» концернидан ундиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 20 июл, якшанба куни Telegramʼда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

«Бу Россия ва «Газпром» масъулиятини кўрсатадиган ва халқаро ҳуқуқ кучини тасдиқловчи мутлақо адолатли қарорлар», — дея таъкидлади Украина раҳбари. «Биз бу маблағларни қайтариш бўйича аниқ қадамлар тайёрлаяпмиз, эртага Украина элчилари тегишли кўрсатмалар олади».

Аввалроқ, 23 июн куни «Нафтогаз» раҳбари Сергей Корецкий Facebookʼда Украина компанияси «Газпром»га қарши 1,37 миллиард доллар миқдоридаги арбитраж даъвосида ғалаба қозонганини маълум қилганди. «Ишни Швейцарияда кўрган халқаро арбитраж суди «Газпром»га «Нафтогаз» фойдасига 1,37 миллиард доллар тўлашни буюрди», — дейилади постда. — 2022 йилнинг май ойидан бошлаб «Газпром» тўловларни тўхтатиб, take or pay тамойили бўйича шартнома мажбуриятларини бузди. 2022 йил сентябрида «Нафтогаз» арбитраж ташаббуси билан чиқди, «Газпром» Россия судлари орқали уни блоклашга уринди. Бу иш бермади. Энди бизда якуний қарор бор: Швеция, Швейцария ва Исроил арбитрлари трибунали бутунлай «Нафтогаз» тарафини олди».

РБК интернет-нашрининг таъкидлашича, 1,37 миллиард доллар миқдори 2019 йилги келишув бўйича Украина орқали газ транзити учун қарз, жарималар ва суд харажатлари учун компенсацияни ўз ичига олган.

Мавзуга оид