Ўзбекистон | 09:48
980
2 дақиқада ўқилади

Шарқий Қозоғистондан Ўзбекистон шаҳарларига сайёҳлик поезди йўлга қўйилиши мумкин

Шарқий Қозоғистон вилоятининг Ўскемен шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди.

Фото: Дунё

Тадбирда сўзга чиққан мамлакат элчиси Бахтиёр Ибрагимов туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг стратегик аҳамиятини ҳамда икки мамлакат фуқароларининг саёҳатларга бўлган ўзаро қизиқиши ва умумий маданий меросни ўрганишга интилиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Шарқий Қозоғистон вилояти туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси раҳбари Ержан Сембинов ўз навбатида, Қозоғистон-Ўзбекистон туризм соҳасидаги ҳамкорлигининг фаол динамикасини қайд этиш баробарида, ўзаро саёҳат тартибларини соддалаштириш ва туристик алмашинувларни кўпайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигига урғу берди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Расул Зарикеев анжуманда онлайн форматда иштирок этиб, Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди. У маданий-маърифий, гастрономик, экологик ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш, ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир давомида транспорт имкониятлари масалаларига, шу жумладан Ўзбекистоннинг туристик йўналишлари ва Қозоғистон шаҳарлари ўртасидаги рейслар сонини ошириш режаларига эътибор қаратилди. Иштирокчиларга 15 июлдан бошлаб FlyArystan авиакомпанияси томонидан Атирау – Тошкент – Атирау йўналиши бўйича авиарейслар йўлга қўйилгани ҳақида маълум қилинди.

Ўзбекистоннинг тиббиёт туризми имкониятлари ҳақидаги муҳим маълумотлар Қозоғистон томонида алоҳида қизиқиш уйғотди. Қозоғистон туроператорлари ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирди.

Шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ўртасида тўғридан тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма туристик маршрутлар ва маданий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўскемен шаҳридан Ўзбекистон шаҳарларига "Жибек жоли" сайёҳлик поездини ишга тушириш ташаббуслари илгари сурилди.

Мавзуга оид