Фан-техника | 19:20 / 19.07.2025
1133
2 дақиқада ўқилади

Google телефондаги зилзила ҳақида огоҳлантириш тизими қандай ишлашини тушунтирди

Функция акселерометрга асосланган бўлиб, компания ушбу тизимнинг самарали ишлашини тасдиқлади.

Фото: Google

Google компанияси Android смартфонларидаги зилзила ҳақида огоҳлантириш тизими қандай ишлаши бўйича тушунтириш берди.

Бу функция акселерометрга асосланган бўлиб, у одатда тезликни қайд этиш ва автоматик бурилишни таъминлаш учун қурилманинг ҳаракати ва йўналишидаги ўзгаришларни аниқлаш учун ишлатилади.

Смартфонларга одатда учта ўқ бўйича тезланишни ўлчайдиган акселерометр ўрнатилган: горизонтал, вертикал, чуқурлик. Google мана шундай акселерометрдан зилзила ҳақида огоҳлантириш тизими ва сейсмик фаолликни аниқлаш учун маълумот тўплайди.

Фото: Google

Android Authority шарҳловчилари сўзларига кўра, акселерометр зилзила пайтида тупроқнинг тебранишини ҳам аниқлай олади. Ушбу маълумотлар ва фойдаланувчининг тахминий манзили Google серверларига юборилади, улар зилзила фактини тасдиқлаш ва унинг жойлашуви ва кучини аниқлаш учун ҳудуддаги кўплаб телефонлардан олинган маълумотларни умумлаштириб, таҳлил қилади.

Қайд қилинишича, сўнгги тўрт йил ичида тизим 18 мингдан ортиқ зилзилани қайд этди ва бу ҳақда «қарийб 100 та мамлакатдаги миллионлаб одамларни» огоҳлантирди. Фойдаланувчилар зилзила бошланишидан камида 15 сония олдин, агар улар эпицентрга энг яқин бўлса, тахминан бир дақиқа олдин огоҳлантирилади. Таъкидланишича, бу хавфсиз жойга чиқиб олиш имкониятларини оширади ва эҳтиёт чораларини кўриш учун озгина бўлса-да, имкон беради.

Android Earthquake Alerts System 2020 йилда Android тизимида пайдо бўлди. Google 2021 йил июн ойида уни Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам жорий қилди. Бу шуни англатадики, Ўзбекистондаги Android фойдаланувчилари смартфон акселерометри ёрдамида аниқланган хавфли зилзилалар ҳақида огоҳлантириш олиши мумкин. Бу тизимни телефон созламаларида ёқиш мумкин.

Мавзуга оид