Ўзбекистон | 16:09
2218
4 дақиқада ўқилади

Томда меҳмонхона қуриш мумкинми?

Фарғона шаҳрида қизиқ ишлар бўляпти. Аҳоли қаршилигига қарамай ал-Фарғоний кўчасидаги 7 қаватли уйнинг томида меҳмонхона қурилиши бошланган. Бундан 3 йил аввал ҳам тадбиркор худди шу уйнинг томида меҳмонхона қуришга ҳозирлик кўраётган бир пайтда жиддий қаршиликка учраб, ишни тўхтатиб қўйганди. Шу кунларда томдаги бетон бўлаклари олиб ташланиб, яна меҳмонхона қуришга киришилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz мухбири таҳририятга келиб тушган мурожаатга асосан ҳолатни ўрганди:

Меҳмонхона ҳақида усталардан эшитдик...

“Томдаги бетонларни олишяпти. Ремонт қиляпмиз дейишди. Ремонт учун бу бетонларни олишнинг нима кераги бор? Бу уйни ушлаб турган устун бўлса. Тўртта болам билан яшайман мана шу томнинг тагида. Яшашга қўрқиб қолдик. Нима қурилаётганини айтишмади. Усталардан эшитдик бу ҳақда. Аҳолининг хабари йўқ. Мустаҳкам бир яхши турган бетон бўлакларини “болгарка”да кесиб ташлашди. Томга чиқсак, мана шунақа аҳвол. Инспекцияни чақирдик, прокуратурага бордик. Прокуратурадагилар 15 кун ичида масала кўриб чиқилади дейишди”, дейди Нозима Абдуллаева.

Бетонлар олиб ташланди...

“Қурилиш қилаётган Баҳодир ака аҳолига томда нима ишлар қилинаётгани ҳақида ҳеч нарса демади. Йиғилиш ҳам қилгани йўқ. Нима учун бетонлар олиняпти? Ҳамма ҳайрон. Жанжал кўтарилганидан кейин томдаги синиқ шиферларни алмаштиряпмиз дейишга ўтиб олди.

Том устига нима қурмоқчисизлар деб савол берсак, ҳеч ким жавоб бермаяпти. Усталар билан қўшнилар гаплашган. Улар томда 20 та уй қурилади дейишган”, дейди Севара Абдулҳамидова.

Ўзини ширкат бошлиғи деб таништирган ва шу қурилишга бош-қош бўлиб турган Бахтиёр Аҳмедов томда меҳмонхона қурилиши эмас, яроқсиз ҳолатга келган шифер ва бетон бўлакларини алмаштириш ишлари олиб борилаётганини айтди.

Бахтиёр Аҳмедов

“Мана шу эскириб кетган шиферларни олиб, янгисига алмаштиряпмиз. Чунки аҳоли шамолда шиферлар учяпти деб бизга мурожаат қилишган. Томни чиқиндилардан тозалаб, таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз холос.

Биз ширкат томонидан тозалаш қиляпмиз. Эскирган бетон ва бошқа нарсаларни олдириб, янгилаяпмиз. Бошқа нарса йўқ бу ерда. Аҳолининг томда меҳмонхона қуриларкан дейиши ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейди Бахтиёр Аҳмедов.

Муроджон Охунбоев

Фарғона вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой инспекцияси кўп қаватли хонадонларни назорат қилиш шуъбаси бошлиғи Муроджон Охунбоев ҳолат юзасидан изоҳ берди:

“Ҳозирда Фарғона ҳудудий қурилиш ва уй-жой инспекцияси томонидан шу масала бўйича ўрганиш ишларини олиб боряпмиз. Бахтиёр исмли шахс кўп қаватли хонадонни, яъни Фарғона шаҳри ал-Фарғоний кўчасидаги 20-уйнинг кўп қаватли хонадон том қисмида демонтаж ишларини олиб бораётгани аниқланди. Демонтаж ишлари том қисмида эмас, яъни томнинг “ветровой” қисмига ўрнатилган бетон блок қисмларини демонтаж қилиб, юқори ёмғир тўсгич шиферларини алмаштириб бериш важи билан шу ишларни амалга ошираётгани аниқланди.

Бахтиёр исмли шахсдан амалга ошираётган ишлари учун тасдиқловчи ҳужжат сўрадик. Гарчи у ҳозиргача барча ҳужжатлар жойида эканини таъкидлаган бўлса-да, ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади

Инспекция томонидан ҳали ҳеч қандай ҳужжат кўрилгани йўқ. Ҳозирда ҳолатни тегишли тартибда ўрганяпмиз. Қурилишни ҳам тўхтатиб қўйдик. Қурувчига тегишли тартибда чора кўрилади”, дейди Муроджон Охунбоев.

Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид