Ўзбекистон | 09:22
1260
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистондан 5,2 млрд сўмлик тилла буюмларни ноқонуний олиб келган шахс ушланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон ва Фарғона вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Унда, Қирғизистондан “Водил авто” чегара божхона пости орқали Фарғона вилояти ҳудудига ўтган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда текширилди.

Натижада, ушбу шахс эгнидаги кийимлари остига яширган ҳолда, жами 859 дона заргарлик буюмлари ва 1 дона қўл соатини қўшни давлатдан олиб келгани аниқланди.

Экспертлар хулосасига кўра, кимёвий таркиби олтин ҳисобланган, бриллиант тошлари билан безак берилган мазкур заргарлик буюмларининг соф оғирлиги 4 кг 155 гр. бўлиб, умумий баҳоси 5 млрд 213 млн сўмни ташкил этади.

Аниқланишича, Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи 10 нафарга яқин савдогарлар томонидан Туркия давлатидан Қирғизистонга олиб келинган ушбу заргарлик буюмларини мазкур шахс 400 АҚШ доллари хизмат ҳақи эвазига чегара божхона постидан ўтказиб бериши керак бўлган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу қимматбаҳо буюмлар эгаларининг шахсига аниқлик киритилмоқда.

Мавзуга оид