Жамият | 14:14
1010
5 дақиқада ўқилади

“Бир ўзи тарбиялаётганлар”: Ёлғиз оналар фарзандлари учун икки баробар кучли бўлишни қандай уддалашмоқда?

Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 45–49 минг оилавий ажримлар кузатилмоқда. Бир қарашда — икки киши йўлини ажратди, дейиш мумкин. Аммо бу қарори ҳаётнинг энг беғубор қаҳрамонларига — болаларга қандай таъсир ўтказади? Уларни қандай руҳий-маънавий мувозанатда тарбиялаш мумкин? Биз бу ҳақда ҳаётий қаҳрамонлар — ёлғиз оналар билан гаплашдик.

Фото: Getty images

“Аёл барчасини уддалай олади, лекин эркакнинг масъулиятини у ёполмайди” — Дилдора, 41 ёш, Наманган

Дилдора 16 ёшли ўғлини ва 14 ёшли қизини ёлғиз катта қилган. Унинг фикрича, ҳар қанча меҳр, фидойилик билан тарбия қилинса-да, болага эркак шахсдан намуна бўлиши керак.

“Мен боламга яхши она бўлдим, лекин яхши ота бўла олмадим. Унга қатъиятлилик, эркакча қарор қабул қилишни ўргатишга ҳаракат қилдим, лекин шуни англадимки, отанинг ўрни бошқача. Шунинг учун уни жияним, акам билан кўп мулоқотда бўлишига эътибор бердим.

Аммо қизим масаласида жуда қийналдим. Ўғилдан кўра қизларга ота меҳри, эътибори жуда керак экан. Оталардан илтимос қилардим, ажримдан олдин “менинг қизим бу меҳрни, эътиборни қаердан, кимдан олади?” деб ўйлаб кўришларини. Турмуш ўртоғим бошқа оила қилган, лекин илтимос қилдим қизим билан муносабатни йўлга қўйишини, ўзим ташкиллаштирдим бирор жойда бирга овқатланишларини. Шундан кейин қизимда яхши тарафга ўзгариш сездим. Хотиржамлик пайдо бўлди унда. Ўқишида, орзуларида ўзгариш бўлди”.

“Ёлғиз аёлларда айбдорлик ҳисси кўп бўлади” — Фотима, 35 ёш, Тошкент

“Қизимни уч ёшидан бери ёлғиз тарбиялаяпман. Турмуш ўртоғим автоҳалокат туфайли дунёдан ўтиб қолди. Аввалига жуда қийналдим: ҳам иш, ҳам бола, ҳам одамларнинг гап-сўзи... Энди эса ўйлайман: шу пайтгача оғир кунлар бўлмаганида, шундай кучли она бўла олмасдим.

Ҳар кеч, ухлашдан аввал қизимни қучоқлайман. Унга “сен менга туҳфасан, сен борлигинг учун дунё менга шунчалик чиройли кўринади. Сендан куч оламан” дейман. Биз тўлиқ оила эмасмиз, аммо она-болалик муҳаббатимиз тўлиқ. Қизимда ҳам ҳеч қандай ортиқча комплекслар йўқ. Мактабда фаол, китобхонлик мусобақаларида ғолиб бўляпти, синфдошлари билан жуда яхши чиқишади.

Менимча, ёлғиз боши билан болаларини катта қилаётган аёлларда айбдорлик ҳисси уларга фарзанд тарбиясида халақит беради. Аёл ўзини “мен болам учун етарли эмасман” деб ўйласа, буни бола ҳам ҳис қилади. Шундай деб ўйламаслик керак – бу тақдир ахир, пешонада ёзилганидан қочиб бўлмайди. Ўзини кечириш, тақдирни қабул қилиш ва олдинга қараб яшаш лозим”.

“Фарзандларимга ҳаётдаги энг катта таянч бўлишга ҳаракат қиляпман” — Наргиза, 34 ёш, Самарқанд

“Биринчи йил жуда оғир ўтди. Ўзим йиғлардим, лекин боламни кулишга ўргатардим. Бошқа иложим йўқ эди - ўзимни тўғри ушлашга, кучли кўрсатишга ҳаракат қилдим. Қизларим ҳеч қачон ўзини кам ҳис қилмаслиги учун уларнинг муҳитига эътибор қаратдим – боғча, рақс тўгараги, дадасининг ўрнини босадиган амакиси, бобоси иштирокини таъминладим”.

“Бола билан очиқ мулоқот – меҳрсиз муҳитни юмшатади” — Феруза, 39 ёш, Тошкент

“Уларни ҳимоя қилиш учун ҳақиқатни яширмасликка қарор қилдим. Оталари билан муносабатимиз нима учун узилганини хотиржамлик билан тушунтирдим. Шу билан бирга, уларни ҳаётда елкаси қисилмаслиги, ўзини керакли инсон деб ҳис қилишларини таъминлаш муҳимлигини англадим”.

“Эртаклар орқали боламга ҳақиқий эркаклар сифатини сингдираман” — Саида, 28 ёш, Бухоро

“Мен фарзандимга ҳар кунида тартиб, меъёр, меҳр бор муҳит кераклигини англадим. Ота-она муносабатини у кўрмади, лекин она-фарзанд муносабатини кучли қилдим. Ҳар куни унга эртак айтиб беришга имкон қадар ҳаракат қиламан. Эртак қаҳрамонларини кучли, жасур эркаклар сифатида тасвирлайман. Чунки келгусида ўғлимда ҳақиқий эркаклик характерлари яхши шаклланишини истайман”.

Боланинг соғлом руҳияти учун асосий нарса – барқарор муҳит ва уни яхши кўришларини ҳис қилиш

Harvard университети 2022 йилда олиб борган узоқ муддатли тадқиқотга кўра, онасининг муносабати, эмпатияси ва доимий эътибори фарзанд шахсиятининг шаклланишида отанинг доимий иштирокига тенг таъсир кўрсатар экан. Лекин бу фақат ҳолат доимий муҳаббат ва барқарор муҳитда бўлса амалга ошади. Болалардаги кўп руҳий муаммоларнинг сабаби – муҳитдаги беқарорлик. Тўлиқ оилада ўсган болада ҳам агар жанжал, таҳқир, руҳий босим бўлса, у заиф шахс бўлиб улғайиши мумкин. Ёлғиз она фарзанди эса, агар муҳит тинч, меҳр ва тушунишга бой бўлса, жуда ақлли ва кучли инсон бўлиб етишиши мумкин. Албатта, отанинг ўрнини аёл тўлдира олмайди. Лекин ўғил болага ижобий эркак образини кўрсатиш мумкин: бобо, амаки, спорт устози ва ҳоказолар мисолида. Муҳими, бола эркак шахсни ҳурмат, масъулият ва шафқат билан боғлаши лозим.

Гулмирa Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид