Жамият | 22:33 / 17.07.2025
766
8 дақиқада ўқилади

“Ёшартирувчи муолажа” — вақтинчалик таскин: тери саломатлиги аслида нимага боғлиқ?

Порлоқ, силлиқ, тиниқ тери инсонда ички ишончни уйғотади. Шу сабаб ҳам сўнгги пайтларда ёшариш, ажин кетказиш, юзни силлиқлаштириш ва “ғадир-будирларни йўқотиш”га қизиқиш тобора ортмоқда. Косметологик, ташқи муолажалар маълум муддатгача танамизнинг устки қопламасини яхши сақлаб туриши мумкин, аммо унинг доимий порлоқ ва тиниқ бўлиши учун биринчи навбатда организм ички ҳолатидаги балансни ушлаш керак. Ушбу мақолада терини тўғри парваришлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида сўз боради.

Тери инсон танасидаги энг йирик аъзо ҳисобланади. У организмни ҳимоя қилувчи тўсиқ, шу билан бирга, ҳароратни сақловчи, сезги узатувчи ва метаболизмда иштирок этувчи мураккаб тузилмадир.

Мазкур органнинг устки қатлами (эпидермис) ҳар 27–30 кунда тўлиқ янгиланади. Бу табиий жараён секинлашиб ёки бузилиб қолмаслиги учун унга тўғри парвариш зарур. Агар тери етарлича тозаланмаса, ўлик ҳужайралар юзада тўпланиб, янгиланган ҳужайраларнинг чиқишига тўсқинлик қилади. Натижада тери хира, ғадир-будир ва носоғлом тусга киради.

Бундан ташқари, эпидермис янгиланиши учун организм ички томондан ҳам керакли озиқ моддалар билан таъминланиши керак: A,C, E витаминлари, омега-3 ёғ кислоталари ва сув миқдори етарлича бўлиши зарур. Ички мувозанат нормада бўлмаса, энг қиммат крем ҳам терини гўзаллаштиришга ёрдам бера олмайди.

Қуйида терининг соғлом, ёш ва тиниқ бўлиши учун аҳамият қаратилиши жоиз бўлган жиҳатларга тўхталамиз:

Тўғри овқатланиш

Овқатланиш одатлари терининг ҳолатига бевосита таъсир қилади. Фаст-фуд, шакарли маҳсулотлар ва зарарли ёғлар терида яллиғланиш жараёнларини кучайтиради, акне, тешиклар кенгайиши ва сарғайиш каби муаммоларга олиб келади.

A,C, E витаминларига бой сабзавот ва мевалар, омега-3 ёғ кислоталари ҳамда сифатли оқсиллар тери ҳужайраларининг янгиланиш жараёнини тезлаштиради. Сабзи, исмалоқ, апелсин, тухум, бодом каби маҳсулотлар эса терига зарур бўлган антиоксидантлар, витаминлар ва минералларни етказиб беради. Айниқса:

  • А витамини (сабзи, тухум сариғи, қовоқ) терининг янгиланишини фаоллаштиради;
  • C витамини (апелсин, киви, булғор қалампири) коллаген ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради;
  • E витамини (бодом, кунгабоқар ёғи) эркин радикаллар (танадаги соғлом ҳужайраларга ҳужум қилувчи моддалар)нинг зарарли таъсирига қарши курашади;
  • Омега-3 ёғ кислоталари (лосос, зиғир уруғи, ёнғоқ) терининг юмшоқ, силлиқ ва эластик бўлишига кўмаклашади.

Намлик

Тери ҳамиша намликка муҳтож. Кўпчилик уни намлантириш деганда турли крем ва лосёнларни суртишни тушунади. Аслида терининг тўлиқ намланиши танадаги сув мувозанатига боғлиқ.

Организмда сув етишмовчилиги биринчи навбатда капиллярларнинг фаолиятини сусайтиради. Бунинг оқибатида тери ҳужайралари тўлиқ озиқланмайди. Ушбу ҳолат эпидермис қуриши, заифлашиши ва ажинларнинг эрта пайдо бўлишига олиб келади: тери қуруқлашади, қизаради ва эластиклигини йўқотади.

Шу сабаб ҳар куни камида 6–8 стакан, яъни 1,5–2 литр сув ичиш терининг соғлом бўлиши учун муҳим саналади. Бироқ мазкур миқдорга чой, қаҳва ёки газли ичимликлар истеъмоли кирмайди. Бундай ичимликлар танадаги суюқликни камайтириши ҳам мумкин. Ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунлар ёки спорт билан шуғулланганда кунлик сув истеъмоли миқдорини ошириш тавсия этилади.

Қуёш нуридан ҳимоя

Қуёш нури D витамини манбаи бўлса-да, унинг ултрабинафша нурлари тери қариш жараёнини 80 фоизга тезлаштиради. Кучли қуёш нурлари “фотосариқлик”, пигмент доғлари, ажинлар ва ҳатто тери саратонини ҳам юзага келтириши мумкин. Шу боис,

  • Ҳар куни (ҳатто булутли ҳавода ҳам) SPF 30+ дан фойдаланиш;
  • Қуёш нурлари кучли бўладиган вақт – 11:00–16:00 оралиғида сояда юриш;
  • Қалин кўзойнак, шляпа ёки соябон каби тери ҳимоячиларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Уйқу

Тиббий тадқиқотларга кўра, инсон танасининг энг фаол тикланиш жараёни соат 23:00 дан 03:00 гача содир бўлади. Бу вақт "регенерация ойнаси" деб номланади. Айнан шу оралиқда мелатонин гормони кўп ажралади: у тери ҳужайраларининг янгиланишига ёрдам беради, эркин радикаллар таъсирини камайтиради ва қариш жараёнини секинлаштиради. Агар сиз бу оралиқда ухламасангиз ёки уйқу сифати ёмон бўлса, терининг табиий янгиланиш механизми издан чиқади.

Тунги уйқунинг етишмаслиги биринчи навбатда юзда намоён бўлади: кўз остида қора ҳалқалар, хира рангдаги тери, сарғайиш ва эрта ажинлар пайдо бўла бошлайди. Организм тўлиқ тикланишга улгурмагани сабабли қон айланиши секинлашади, натижада тери ҳужайралари етарли кислород ва озиқа моддаларини ололмайди. Бу эса терининг жонсиз, рангсиз кўринишига сабаб бўлади.

Кундалик ҳаётимизда шунчаки 20–30 дақиқа тоза ҳавода сайр қилиш ҳам саломатлик ва гўзаллик учун катта фойда беради. Қоннинг яхши айланиши тери ҳужайраларини кислород билан таъминлайди, бу эса уларнинг соғлом ва ёрқин бўлишига хизмат қилади. Агар мазкур оддий одатни сифатли уйқу билан бирлаштирсангиз, косметик воситаларга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада камаяди.

Стрессни бошқариш

Стрессли ҳолатларда организм кортизол деб номланувчи гормонни ҳаддан ташқари кўп ишлаб чиқаради. Бу гормон аслида хавфга жавобан тана ресурсларини сафарбар этиш учун керак. Унинг миқдори доимий равишда юқори бўлса, тери муаммоларини келтириб чиқаради.

Кортизол ёғ безларини фаоллаштиради, ушбу жараён терининг ҳаддан зиёд кўп ёғланиши ва акне (юздаги тошмалар) кўпайишига сабаб бўлади. Шунингдек, мазкур модда терининг эластиклиги учун зарур бўлган коллаген ишлаб чиқарилишини ҳам секинлаштиради. Натижада, терига эрта ажин тушади, ранг хиралашади, яллиғланишлар кучаяди.

Руҳий босим ҳам кўпинча юзда акс этади. Доимий сиқилиш, хавотир ва руҳий чарчоқ мимик мушакларнинг таранглашувига олиб келади. Мазкур ҳолат пешона, қош оралиғи, оғиз атрофида эрта ажинларни пайдо қилади.

Стрессни камайтириш орқали терига ҳам, ички ҳолатга ҳам соғлом мувозанатни қайтариш мумкин. Нафас олиш машқлари, ёга, медитация, юриш, мусиқа тинглаш ёки кунига бир неча дақиқа ўзингиз билан ёлғиз қолиш кортизол даражасини туширади. Шунингдек, психогигиена қоидаларига амал қилиш, яъни экран олдидаги вақтни чеклаш, ижтимоий тармоқлардан танаффус олиш ва сифатли уйқу ҳам руҳ, ҳам тери учун кучли даводир.

Тўғри парвариш

Терининг ўз табиати, эҳтиёжи ва мувозанати бор. Парваришнинг биринчи ва энг асосий босқичи — тери турини аниқлаш: у қуруқми, ёғлими ёки аралашми? Шу саволга жавоб топмасдан туриб, юзингизга ҳар хил маҳсулотларни суртиш салбий таъсирларни кучайтириши мумкин.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, терига мос бўлмаган воситаларни доимий ишлатиш унинг табиий мувозанатини бузади: пешона ёғли, ёноқлар қуруқ, бурун эса тошмалар тошган ҳолатга тушиб қолиши мумкин, Шунинг учун юзлаб восита ишлатиш эмас, терининг эҳтиёжларига мос процедураларни танлаб, мунтазам парваришлаш керак. Универсал маҳсулотлар ҳамиша ҳам фойда келтирмайди – ҳар бир восита тери турига мос бўлиши шарт.

Соғлом ва чиройли тери фақат крем, ниқоб ёки косметологик муолажаларга боғлиқ эмас, у сизнинг ҳар кунги одатларингиз: еяётган овқатингиз, ухлаётган вақтингиз, ичаётган сувингиз, енгаётган стрессингиз ва ўзингизга бўлган меҳрингиз акси ҳисобланади. Шундай экан, гўзаллик йўлида кўп эмас - мос, қиммат эмас - керакли воситаларни танланг. Зеро, тери парваришида минимализмдан фойдаланиш мустаҳкам натижага элтувчи, энг бой стратегиядир.

Диёрахон Набижонова тайёрлади

Мавзуга оид