Жаҳон | 19:01 / 16.07.2025
2156
2 дақиқада ўқилади

Истанбул собиқ мэри Акром Имомўғли 1 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум этилди

У мансабдор шахсни ҳақорат қилганликда айбдор деб топилди. Бироқ, суд унинг сиёсий фаолиятини чекламади.

Фото: Reuters

Туркиянинг Истанбул шаҳри собиқ мэри Акром Имомўғли ўз вазифасини бажариш чоғида мансабдор шахсни омма олдида ҳақорат ва таҳдид қилганликда айбдор деб топилиб, 1 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноий ишга Имомўғлининг 2025 йил январида Истанбул бош прокурори Оқин Гурлек шаънига айтган баёнотлари сабаб бўлган. Айнан қандай баёнотлар ҳақида гап кетаётгани маълум эмас.

Суд жараёни Истанбулдаги Оғир жиноий ишлар бўйича суд залида ўтиши керак эди, аммо залнинг «етарли даражада катта бўлмагани» сабабли Силиври шаҳридаги Мармара жазони ижро этиш ёпиқ муассасасида бўлиб ўтди.

Прокуратура Имомўғли учун 2 йил 8 ойдан 7 йилу 4 ойгача қамоқ жазосини сўраган эди. Айблов томони шунингдек, муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилишни назарда тутувчи 53-моддани қўллашни сўради (яъни, «сиёсий тақиқ»). CNN Turk нашрининг ёзишича, ҳукмда собиқ мэрнинг сиёсий фаолиятига ҳеч қандай чеклов қўйилмади.

Қайд қилинишича, судда Имомўғли айбловларни рад этиб, жиноий иш сиёсий сабабларга кўра эканини айтди.

2025 йил март ойида мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (CHP) вакили, Истанбул шаҳри мэри Акром Имомўғли коррупция ва террорчи ташкилотларга алоқадорлик бўйича тергов доирасида Истанбулда ҳибсга олинган эди.

Бу CHP қурултойи арафасида юз берди, унда Имомўғли навбатдаги президентлик сайловида номзод сифатида кўрсатилиши керак эди. Туркиялик сиёсатшунослар Истанбул мэрини амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид