Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Депутатлар дала четларига экин экишга оид баҳсли қонунни ўзгаришлар билан қабул қилди
Фермерларга жуда катта мажбурият ва жавобгарлик юкловчи нормалар таҳрирланди ва қонун лойиҳаси Сенатга юборилди. Экин экиш даланинг барча четларига эмас, фақат сув ёқасидаги четларига мажбурий экани, 3 карра солиқ бутун ер майдонига эмас, фақат экин экилмаган жойга нисбатан қўлланиши, маъмурий жарима эса фақат субижарачиларга тааллуқли бўлиши белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 15 июл кунги мажлисда фермерларга дала четларига экин экиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилиб, Сенатга юборди.
Ушбу қонун лойиҳаси 1 июл куни биринчи ўқишдан ўтганида, мунозарага сабаб бўлган ва 22 депутат қарши овоз берганди.
Лойиҳанинг биринчи ўқишдаги талқинида, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган эди:
- Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда тегишли қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки маҳсулот етиштириш ҳисобини юритиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгилаш;
- ҳар йили 1 апрелга қадар бундай ҳудудларда экин экилмаса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ўзларига тегишли барча қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғини 3 баравар миқдорда ҳисоблаш;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланувчилар, ижарачилар ва иккиламчи ижарачилар экин майдонлари четларига, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экин экиш ва маҳсулот етиштириш мажбуриятларини бажармаган тақдирда, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солиш.
15 июл кунги мажлисда Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов қонун лойиҳасининг янги версиясини тақдим этди.

У киритилган ўзгаришларга изоҳ беришдан олдин, дала четларига экин экиш бўйича давлат раҳбарининг 2024 йил 30 декабр кунги қарори асосида жорий этилган тартибни эслатиб ўтди. Бу тартибга кўра:
- дастлаб, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маҳсулот етиштиришга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир туман ва маҳалланинг иқлим шароитидан, бу ердаги аҳолининг тажрибасидан келиб чиқиб, дала четларида сув таъминоти ва экин экиш имконияти мавжуд бўлган ерларни ҳар йили 1 январга қадар танлаб олади ва вилоят ҳокимликларига таклиф беради;
- шундан кейин, ҳокимликлар томонидан дала четларига экин экиш ишларини ташкил этиш ва етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз кўрсаткичлари бўйича ҳар йили 1 февралга қадар қарорлар қабул қилинади;
- ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер эгалари асосий экин билан банд бўлиб, дала четларига экин экишга мободо вақти етмаса ёки ресурс жиҳатдан экин экиш имконияти мавжуд бўлмаса, мазкур ерлар иккиламчи ижарага берилиши керак;
- дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирганларга рағбатлантирувчи механизмлар ҳам мавжуд: уларга фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилади; мевали пайвандтаглик кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан ошмаган ҳолда субсидия ажратилади; ҳар бир маҳсулот етиштирувчига Карантин агентлигининг ҳудудий инспекторлари бириктирилади ва кўмак берилади.
“Қисқа қилиб айтганда, амалдаги қонунчиликда дала четларидаги экин экилиши белгиланган майдонларда ер эгаси ўзи экин экиши ёки иккиламчи ижарага берган ҳолда экин экилишини ташкил қилиши белгиланган. Агарда вазифа бажарилмаса, яъни ер эгаси ўзи экин экмаса – оширилган солиқ тўлаши, иккиламчи ижарачи экин экмаса – жаримага сабаб бўлади”, деди Равшан Мамутов.
У биринчи ўқишда танқидга учраган қонун лойиҳасини қайта ишлашда киритилган 6 та асосий ўзгаришни санаб ўтди.
1. Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда қабул қилинган матнида экин экиш мажбурияти “дала четларида, шунингдек, суғориш ва дренаж тармоқлари атрофидаги ерлар”га нисбатан татбиқ этилиши белгиланган эди. Бу нормага аниқлик киритилиб, ушбу мажбурият “дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги ерлар”га тааллуқли бўлиши белгилаб қўйилди. Яъни даланинг барча четларига эмас, фақат сув ёқасидаги четларига экин экиш мажбурий бўлади.
2. Лойиҳага “қонунчиликка мувофиқ маҳсулот етиштириш белгиланган майдонларда мақбул экин экиш” тушунчаси киритилди. Яъни, дала четларига ҳар йили Карантин агентлиги белгилаб берадиган экинлар экилиши керак.
3. Амалдаги қонунчиликда ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига мос бўлиши кераклиги белгиланганидан келиб чиқиб, маҳсулот етиштирмаганлик учун ер эгасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган барча ерлари учун 3 баравар оширилган солиқ ҳисоблаш ғоясидан воз кечилди. Унинг ўрнига, ер солиғини 3 баравар оширилган ҳолда ҳисоблаш фақат ер участкасининг экин экилмаган қисмига тааллуқли бўлади.
4. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчалар ҳам қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, жарима фақатгина дала четларини иккиламчи ижарага олган ижарачиларга нисбатан қўлланади. Жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача эмас, 1 бараваридан 3 бараваригача бўлади.
5. Республиканинг айрим ҳудудларида иқлим шароитидан келиб чиқиб апрел ойида ҳам кўчат ва бирламчи экин экилиши ҳолатлари мавжудлигини инобатга олиб, дала четларига экин экиш муддати 1 апрелгача эмас, 1 майгача деб белгиланди.
6. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чоралари жорий этишга 3 йиллик мораторий (2023 йил 1 июлдан бошланган) амал қилаётганидан келиб чиқиб, иккиламчи ижарачилар учун маъмурий жарима жазоси 1 йилдан сўнг, яъни 2026 йил 1 июлдан кучга киради.
Қайд этиш лозим, 2026 йил 1 июлдан муддати тугайдиган бу мораторийдан ташқари, ҳозир бошқа бир мораторий ҳам амал қилмоқда. Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январгача кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилган.
Қонун лойиҳаси бу иккита мораторийга зидлиги ҳақида биринчи ўқишдаги муҳокама пайтида “Адолат” партияси депутати Гулнора Абдувоҳидова гапирган эди. Лекин иккинчи ўқишдаги муҳокамада фақатгина келаси йил муддати тугайдиган биринчи мораторий эсланди, 2028 йилгача амал қиладиган иккинчи мораторий ҳақида гап-сўз бўлмади.

Қонун лойиҳасининг фермерлар учун жуда катта жавобгарлик келтириб чиқарувчи биринчи шаклини қўллаб-қувватлаган Либерал-демократик партия раиси, Фермерлар кенгаши раҳбари Актам Ҳайитов лойиҳанинг иккинчи ўқишдаги версиясини ҳам қўллашини билдирди.
“Қонун лойиҳасининг ҳозир тақдим қилинаётган шакли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга оғирлик туғдирмаяпти, аксинча, уларга енгиллик, қўллаб-қувватлашни назарда тутяпти”, – деди у.
Ҳайитовнинг сўзларига кўра, фермерларнинг: “Дала чети айнан қаерда бошланиб, қаерда тугайди?” деган саволига ишчи гуруҳлар жавоб беради.
“Қонун лойиҳасига “қонунчиликка мувофиқ” деган жумлалар атай киритилди. Чунки амалиётда каттароқ бир муаммо бор эди: дала четининг чегаралари қаерда? Фермерларнинг даласига туташ майдонларни “бу сенинг дала четинг, нимага экилмаган” деб, уларнинг зиммасига юклаш ёки уларга топшириқ бериш ҳолатлари кўп бўлади. Энди 1 январгача дала четининг аниқ ўлчами белгилаб берилади. Аниқ ўлчамни туманларда тузилган, Ўсимликлар ҳимояси ва карантин агентлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ белгилаб бериб, шу ўлчамда нима экса бўлади – ҳудуд иқлим шароитидан келиб чиқиб маҳсулотларни ҳам кўрсатиб беради.
60 гектарлик майдоннинг дала чети 1 гектар чиқадиган бўлса, у ер бўйича албатта Сув хўжалиги вазирлигининг жойлардаги бўлимлари хулосаси олинади, яъни бунга сув борми-йўқми, ирригация-мелиорация тармоқлари, зовурларнинг қайси қисмида экиш мумкин.
Бу ерда фермерларга иккиламчи ижара ҳуқуқи ҳам берилган. Агар фермер хўжалиги раҳбари дала четида маҳсулот етиштиришга имконияти етмаса, бу ҳудуд электрон базага киритилиб, шу ҳудуддаги ёшларга, ишсизларга ва бошқа фуқароларга таклиф этилади. Улар ана шу таклиф асосида иккиламчи ижарага олиб, маҳсулот етиштириш имкониятига эга”, деди Актам Ҳайитов.
Қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишлардан ўтди ва Сенатга юбориладиган бўлди. Сўнгги овоз беришда лойиҳани 107 депутат қўллади, 3 депутат қарши чиқди, 2 депутат бетараф қолди, 4 депутат овоз бермади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон парламенти қонун лойиҳаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўқишдан ўтган версиялари матнини очиқламайди. Аксарият ҳолатларда қонунлар барча босқичлардан ўтиб, давлат раҳбари томонидан имзоланганидан кейингина тўлиқ ҳолда тақдим этилади.
Мавзуга оид

19:02 / 15.07.2025
“Ваҳшийлик шу даражада бўладими..?” — заҳарли дори сабаб водийда асаларилар қирилиб битмоқда

07:55 / 10.07.2025
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун имтиёзли маблағ ажратилади

10:27 / 09.07.2025
Экинлар уруғликларининг сифатини баҳолаш тизими ислоҳ қилинади

12:36 / 08.07.2025