Жамият | 20:19 / 15.07.2025
7593
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўп қаватли уй қуриш билан шуғулланган МЧЖ фуқароларни чув туширди

Олмазор туманида жойлашган ушбу кўп қаватли уйни қуриш тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз бошланган. Пойтахт ИИББга кўра, МЧЖ таъсисчилари 2023-2024 йиллар давомида шартномалар тузиб, фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги пойтахтнинг Олмазор туманида кўп қаватли уй қуриш ваъдаси билан фуқароларни чув туширган МЧЖ иши бўйича маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқаролар уй сотиб олиш мақсадида тўлов қилиб, алдангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Чилтўғон маҳалласи «Уста Олим» 2-берк кўчасида жойлашган қурилиш ишлари Strong Cities МЧЖ томонидан амалга оширилган. Бироқ ушбу объект бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда зарур рухсатнома ва ҳужжатлар олинмаган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори талабларига кўра:

  • қурилишга рухсатнома олинмаган;
  • архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилмаган;
  • лойиҳа-смета ҳужжатлари Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармаси билан келишилмаган.

Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда, объектда фақат ер учун кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун эса зарур ҳужжатлар йўқлиги аниқланган.

Натижада, белгиланган тартибда огоҳлантириш хати юборилиб, қурилиш ва монтаж ишлари тўхтатилган.

Шунингдек, объект сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермагани боис, қурувчи ташкилот томонидан ўз ихтиёри асосида объектда демонтаж ишлари амалга оширилган.

Шу билан бирга, лойиҳа-смета ва бошқа тегишли техник ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ расмийлаштирилган ҳолда қурилиш ишларини белгиланган тартибда давом эттирилиши қурувчи ташкилот вакиллари томонидан таъкидланган.

«Фуқаролардан уй-жой харид қилишда объектнинг барча ҳуқуқий ҳужжатлари ва рухсатномалари мавжудлигини синчиклаб текшириш тавсия этилади», - дейилади вазирлик муносабатида.

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, фуқаро Т.Нодир ва бошқалар 2021 йилнинг 11 август куни Strong Cities МЧЖни ташкил этиб, тегишли меъёрий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ва ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан, кўп қаватли уйни қуришни ва ушбу уйдаги хонадонларни сотишни ваъда қилган.

Шунингдек, улар қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда хизмат кўрсатувчи банкда алоҳида ҳисобварақ очмасдан, 2023-2024 йиллар давомида шартномалар тузиб, фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида фуқаро Т.Н.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид