Ўзбекистон | 18:56 / 15.07.2025
728
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг FlyArystan авиакомпанияси Тошкентга янги қатновни йўлга қўйди

15 июл куни Атираудан учган биринчи рейс Тошкент халқаро аэропортига қўнди.

Фото: Uzbekistan Airports

Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостер авиакомпанияси Атирау-Тошкент-Атирау йўналиши бўйича авиақатновларни йўлга қўйди.

15 июл куни биринчи рейс Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Бортида 139 йўловчи бўлган самолёт авиация анъаналарига кўра, сув аркаси билан кутиб олинди.

«Ушбу рейснинг йўлга қўйилиши FlyArystan халқаро йўналишлар тармоғини, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди. Компаниянинг Остонадан Тошкентга мавжуд йўналишидан ташқари, янги йўналиш Қозоғистоннинг ғарбий қисмидан Ўзбекистонга авиаташувларни амалга оширишни таъминлайди. Бу мамлакатлар ўртасидаги бизнес, маданий ва сайёҳлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади», деди авиакомпания президенти Ричард Лежер.

Парвозлар июл ва август ойларида - пайшанба ва якшанба кунлари, сентябр ва октябр ойларида - душанба, чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади. Замонавий Airbus A320 самолётларида парвоз давомийлиги 2 соат 20 дақиқани ташкил қилади.

FlyArystan — 2019 йилда ташкил этилган ва Air Astana гуруҳи таркибига кирувчи Қозоғистоннинг биринчи лоукостер авиакомпанияси.

Мавзуга оид