Жамият | 18:06 / 15.07.2025
18725
3 дақиқада ўқилади

Болаларни итдек вовуллатган «дефектолог»га янги жиноий иш очилди

Болалар омбудсмани болаларни итдек вовуллатгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин Дилором Жабборовага янги жиноий иш очилганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Ўзини дефектолог-психолог – дудуқланадиган болаларни даволовчи мутахассис сифатида таништириб, фаолият юритаётган Дилором Жабборовага болаларни итдек вовуллатгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин янги жиноий иш очилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова хабар берди.

Қайд этилишича, Дилором Жабборованинг иш услубига аввал ҳам илмий ва касбий баҳо берилган, хусусан, иш услуби мутлақо илмий асосланмагани, мураккаб дудуқланиш муаммосига «тор ва ибтидоий ёндашгани», дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига «жиддий зарар етказиши» ҳамда педагогика қоидаларига «бутунлай зидлиги» аниқланган эди. Сўнгра, 2024 йил феврал ойида Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолиятни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилган эди. Болалар омбудсмани хабаридан маълум бўлишича, ушбу жиноят иши 2025 йил 17 апрел куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан тугатилган. Бунинг асослари хабарда келтирилмаган.

Аммо, маълум вақт ўтгач, Дилором Жабборова «дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани» кузатилган.

«Маълум вақт ўтганидан сўнг, Д.Ж. аввалгидек, дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилди. Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025 йилнинг 2 июн куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди», дейилади хабарда.

Натижада, 25 июн куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.

«4 июл куни Тергов бўлими томонидан Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид