Ўзбекистон | 17:41
7358
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов янги лавозимга тайинланди

У президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Фото: Kun.uz

Сардор Ўктамович Умрзоқов Ўзбекистон президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Сардор Умрзоқов 1977 йил 23 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Рэдинг университетини (Буюк Британия, магистратура) тамомлаган. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.

2000-2003 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тизимида ишлаган. 2003-2007 йилларда Европа тикланиш ва тараққиёт банкида фаолият юритган. Кейинроқ Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошлиғи лавозимларида ҳам ишлаган.

2014-2017 йилларда «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, 2017-2018 йилларда раис ўринбосари бўлган. Уюшма қайта ташкил этилиб, «Ўзчармсаноат»га айлантирилгач, 2018-2019 йилларда унга раислик қилган.

2019 йил 28 январда инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланган, 2020 йил 10 мартда эса бош вазир ўринбосари даражасига кўтарилган.

2022–2023 йилларда эса президент администрациясига раҳбарлик қилган, бу лавозимдан олингач, президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди. У 10 июл куни давлат раҳбарининг Чилонзор туманига ташрифи вақтида кўриниш берганди.

Мавзуга оид