Иқтисодиёт | 21:47 / 14.07.2025
1207
3 дақиқада ўқилади

Пул қаерга кетди? Кундалик харажатларни қайд этиб бориш учун 3 та бепул илова

Ойлик маош олинган куни ўзингизни бой ҳис қиласиз, лекин орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, қаерга қандай харажат бўлгани хотирангиздан чиқиб кетадими? Агар бу ҳолат сиз учун таниш бўлса, демак, кундалик харажатларни назорат қилиш вақти келди. Яхши янгилик – буни қилиш учун энди дафтарчалар, калкулятор ёки мураккаб Eхcеl файллари шарт эмас.

Фото: Shutterstock

Ушбу мақолада учта бепул, оддий ва қулай мобил илова ҳақида сўз юритамиз. Ҳар бири сизга харажатларингизни ёзиб бориш ва молиявий назоратни қўлга олишда ёрдам беради.

Учала илова ҳам Android ва iOS платформаларда ишлайди. Базавий функциялари бепул; хоҳловчилар учун пулли асосидаги қулайликлари ҳам бор.

Moneyfy

Нега айнан Moneyfy? Бу илова интерфейси жуда оддий ва рангли иконкалари билан ажралиб туради. Ҳар бир харажатни ёзишда туркумни танлаб (овқат, транспорт, кийим, болалар, кафелар ва ҳоказо), биргина суммани ёзиш кифоя.

Фараз қилайлик, бугун нонушта учун кофега 25 минг сўм сарфладингиз. Moneyfy'ни очасиз, “food” (овқат) иконкасини босасиз, сумма ёзасиз – бўлди. Илова автоматик тарзда кунлик графикда бу чиқимни кўрсатади. Ҳафталик ёки ойлик статистикада пулингиз қаерга кетаётганини аниқ кўриб турасиз.

Wallet by BudgetBakers

Wallet фойдаланувчига пул оқимини режалаштириш, бюджет қўйиш ва ҳатто мақсадлар белгилаш имконини беради. Яна бир қулай жиҳати – банк ҳисобингиз билан синхронизация қилиш имконияти (баъзи мамлакатларда) бор. Бу функция Ўзбекистонда ишламайди, лекин қўлда харажат киритиш жуда осон.

Айтайлик, сиз ҳар ой “транспорт” учун 200 минг сўм ажратасиз. Wallet иловасида бу категория учун бюджет белгилаб қўясиз. Ҳар сафар йўлкира, бензин ёки такси учун харажат қилганингизда, иловага киритиб борасиз. Лимитга яқинлашганингизда, илова огоҳлантиради.

Spending Tracker

Spending Tracker – энг содда иловалардан бири. Ҳеч қандай ортиқча созламалар ёки мураккаб графиклар йўқ. Фақатгина тушум ва чиқим ёзасиз. Категорияларни ўзингиз номлаб олишингиз ҳам мумкин.

Мисол учун, сиз ҳар ҳафта жума куни бозор қиласиз. Ҳар доимгидек сабзавотлар, гўшт, тагликка жами 500 минг сўм сарфлайсиз. Spending Tracker иловасида “бозорлик” деган категория очасиз, суммани ёзасиз ва сана қўшасиз. Шундай қилиб, ҳар жума чиқимларингиз аниқ ёзиб борилади, илова эса ой якунида умумий суммани кўрсатади.

Кундалик харажатларни ёзиб бориш кўпчилик учун зерикарли туюлади. Аммо тўғри танланган илова бу ишни одатга айлантириши мумкин. Юқоридаги учала илова – Moneyfy, Wallwt ва Spending Tracker – турли эҳтиёжларга мос келади: кимдир график кўришни ёқтиради, бошқаси эса фақат рақамлар билан ишлашни афзал кўради.

Пулни қаерга сарфлаётганингизни кўриш, келажакда тежаш, орзуларингиз учун жамғариш ёки шунчаки “пулларим қаерга кетяпти?” деган саволга аниқ жавоб олиш учун – бугуннинг ўзида харажатларни кузатишни бошланг. Телефон доимо ёнингизда – демак, бу одатни йўлга қўйиш қийин эмас.

Мавзуга оид