Жаҳон | 17:10 / 13.07.2025
2284
2 дақиқада ўқилади

Эстония биринчи марта HIMARS ёрдамида жанговар ўт очишни амалга оширди

Ракеталарнинг ҳар бири Болтиқ денгизидаги 15 километргача узоқликда бўлган кичик ўлчамли нишонларни йўқ қилди.

Эстониялик ҳарбийлар HIMARS реактив залп ўт очиш тизимлари ёрдамида жанговар машғулотларни муваффақиятли амалга оширди. Ўт очиш видеоси мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Тўрт ойлик машғулотлардан кейин эстониялик ҳарбийлар 11 июл куни илк бор HIMARS реактив залп ўт очиш тизимидан жанговар ҳолатда синаб кўрди. Эстония Мудофаа кучлари маълумотларига кўра, ҳар бир ракета Болтиқ денгизида 15 километргача бўлган узоқликдаги кичик ўлчамли нишонларни яксон қилган.

Мудофаа идораси ушбу ўт очишларни «тарихий воқеа» деб атади.

Ракеталар Сааремаа ороли соҳилларидан учирилган ва улар бир дақиқадан камроқ вақт ичида нишонларга етиб борган.

HIMARS’дан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари бир неча ой давом этди. Подполковник Рауно Вийтманнинг таъкидлашича, артиллериячилар реактив залп ўт очиш тизимлари операторлари сифатида қайта тайёргарликдан муваффақиятли ўтган.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Эстониянинг Эмари авиабазасига олтита HIMARS етказилган эди. Ушбу тизимлар хариди — Болтиқбўйи давлатларининг ҳамкорликдаги лойиҳасидир. Тез орада тизимлар Латвия ва Литвага ҳам етказилади.

Мавзуга оид