Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Заруратдан муваффақиятгача: Аёл учун “Me‑time” қанчалик муҳим?
Аёл ҳаёти тиғиз вазифаларга тўла: уй, оила, иш, бола — ва шуларнинг орасида кўпинча ўзимиз ҳақда ўйлашни унутамиз. Аммо аёл киши учун шахсий вақт бу — нафақат имконият, балки ҳаётий заруратдир. Оилавий муносабатлар ва фарзанд тарбиясида ўта муҳим бу вазият юзасидан Kun.uz’дан кичик тавсия.

Фото: Freepik
Бугунги кунда аёллар нафақат оилада, балки жамиятда ҳам катта масъулиятни ўз елкасида кўтармоқда. Уйда она, турмуш ўртоқ, келин; ишда мутахассис, раҳбар. Аммо шуларнинг орасида у ўзини унутиб қўймаслиги керак. Чунки аёлнинг шахсий вақти — унинг руҳий соғлиги, ҳаётдан қониқиш даражаси ва оиласига бўлган муносабатини белгилаб берадиган омиллардан биридир.
"Ўзимга вақт йўқ" — доим ҳам ҳақиқат эмас
Аксарият аёллар шахсий вақт ҳақида сўралса, "ўзимга вақт йўқ" дейишади. Аммо бу вақт йўқлигидан эмас, балки унга биринчи навбатда эътибор берилмаётганидан дарак. Шахсий вақт — бу ўзингизни тинглаш, хотиржамликка эришиш ва янада соғлом ҳаёт тарзи сари қадам ташлаш демакдир.
Америкалик психотерапевт Тери Фрейзернинг таъкидлашича, ҳафтасига камида 1-2 соат вақтни фақат ўзи учун ажратган аёллар руҳий босим ва чарчоқни осонроқ енгишади. Ушбу ҳолат уларнинг болалари ва турмуш ўртоқлари билан муносабатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ҳарвард тиббиёт мактабида олиб борилган тадқиқотлар эса, шахсий вақтга эга аёлларда юрак-қон томир касалликлари хавфи сезиларли даражада камайишини кўрсатган.
Ҳаётда мувозанат бўлиши керак
Шахсий вақт — дам олиш эмас, балки ўзини англаш, ҳис қилиш. Бу вақтда аёл китоб ўқиши, хотиржам чой ичиши, очиқ ҳавода юриши ёки шунчаки сукут сақлаши (жим ўтириши) мумкин. Ушбу қисқа фурсат ҳам унинг мияси ва қалбини тозалайди, янги куч бағишлайди. Аслида, яхши она ёки меҳрибон рафиқа бўлиш учун, аввало соғлом инсон бўлиш керак.
Вақтни қандай ташкил қилиш мумкин?
- Телефонни 30 дақиқага ўчиринг ва бу вақтни фақат ўзингиз учун бағишланг;
- Ҳар ҳафта ўзингизга "аёл куни"ни белгилаб, йўқотилган хотиржамликни қайтаринг;
- Болалар ухлаганидан сўнг қисқа сайрга чиқинг ёки уйингизда ўзингиз учун “дам олиш бурчаги” яратинг;
- Ҳобби, спорт, китоб — руҳни озиқлантирадиган машғулотлар шахсий вақт учун энг яхши танловлардир.
Аёл кишининг шахсий вақти — нафақат унинг, балки бутун оиласининг соғлом руҳий муҳитини таъминлайди. Чунки бахтли она — бахтли бола, бахтли турмуш ўртоқ ва барқарор оила демакдир.
Ҳар куни ишга, оилага, фарзандлар тарбиясига, яқинлар кўнглини олишга елиб-югуриб, бошқаларни бахтли қилишга интилар эканмиз, ўзимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Аёл учун шахсий вақт — нафақат уларнинг ҳаққи, балки эҳтиёжи ҳисобланади.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.