Жаҳон | 20:32 / 10.07.2025
941
2 дақиқада ўқилади

Европа комиссияси Украинани қайта тиклаш жамғармаси ташкил этилишини эълон қилди

Европа Иттифоқи Украинанинг энг кучли ҳамкори, нафақат асосий донори, балки келажагидаги асосий инвестор сифатидаги ролини тасдиқлаши таъкидланди.

Фото: Reuters

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украинада энг йирик хусусий капитал жамғармаси ташкил этилишини маълум қилди. Жамғарманинг бошланғич капитали 220 миллион еврони ташкил қилади ва 2026 йилга бориб, европалик иттифоқчилар яна 500 миллион евро жалб қилишни режалаштирмоқда.

Фон дер Ляйен, шунингдек, халқаро ва давлат молия институтлари билан Украинани қайта тиклаш ва реконструкция қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2,3 миллиард евролик шартномаларнинг янги пакетини тақдим этди. Ушбу янги пакет инвестиция дастури доирасидаги 1,8 миллиард евролик кредит кафолатларини, қолган маблағлар – 580 миллион евро грантларни ўз ичига олади. Дастур 10 миллиард еврогача инвестицияларни жалб қилиши кутилмоқда.

«Европа Иттифоқи Украинанинг энг кучли ҳамкори, нафақат асосий донори, балки келажагидаги асосий инвестор сифатидаги ролини тасдиқлайди. Биз корхоналарни тиклаш, шифохоналар очиш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш учун 10 миллиард еврогача маблағ жалб этишни мақсад қилганмиз. Европа Украина томонида - бугун ва эртага», деди фон дер Ляйен Римдаги Украинани қайта қуриш бўйича конференцияда.

Европа Комиссияси томонидан қўллаб-қувватланадиган Украинани қайта тиклаш жамғармаси Европа инвестиция банки, Франция, Германия, Италия ва Полша билан ҳамкорликда тузилган. Бу Украинада хусусий капитал экотизимини ривожлантиришга, янги капитални жалб қилишга ва бозор иштирокчиларини бирлаштиришга ёрдам беради, деди фон дер Ляйен.

Еврокомиссия, шунингдек, Украинага макромолиявий ёрдам пакетининг олтинчи транши доирасида 1 миллиард евро ажратилишини эълон қилди, унинг умумий миқдори 18,1 миллиард еврони ташкил этади. Шу билан бирга, Европа иттифоқчилари Украинани қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 3,05 миллиард евро ўтказишни маъқуллади.

Европа Иттифоқи сўнгги уч йил ичида Украинани қўллаб-қувватлаш учун аллақачон 165 миллиард евро ажратган ва 2025 йил ҳолатига кўра, Брюсселдан молиялаш Киев бюджети харажатларининг 84 фоизини қоплайди, деди фон дер Ляйен.

Мавзуга оид