Спорт | 18:24 / 10.07.2025
2958
2 дақиқада ўқилади

Рустам Ашурматов Эрон чемпионатига ўтди

Эрондаги ўзбекистонлик легионерлар сони ортди.

Фото: «Истиқлол» матбуот хизмати

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматов «Истиқлол» клуби билан шартнома имзолади.

Теҳрон клуби матбуот хизмати 28 ёшли футболчини расман таништирди.

Хабарларга кўра, эронликлар Ашурматов трансфери учун «Рубин»га 450 минг евро тўлаган. Футболчи эса клуб сафида ойига тахминан 50 минг доллар атрофида маош олиши айтилмоқда.

Шу тариқа, Эрон чемпионатида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар сони 4 нафарга етди – бунгача Жалоллиддин Машарипов («Истиқлол»), Остон Ўрунов («Персеполис») ва дарвозабон Ўткир Юсупов («Фулад») мазкур чемпионатда ўйнаётганди.

Футболчи трансфердан кейин Championat.com нашрига берган интервюсида ўзига Эроннинг бошқа клублари ва Озарбойжон чемпионатидан ҳам таклифлар бўлгани, аммо Европадан қизиқиш бўлмаганини айтиб ўтган. Шу билан бирга, Эрондаги сўнгги воқеалар туфайли ушбу мамлакатга йўл олиш қанчалик тўғри бўлиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

«Йигитлар билан гаплашдим. Ҳозир ҳаммаси яхши дейишди. Ҳатто Эронни тарк этган бошқа футболчилар ҳам қайтишни исташяпти. Мен таваккал қиламан. Ҳаммаси Худонинг иродаси. Кўрамиз қандай бўларкан», деган футболчи.

Мавзуга оид