Иқтисодиёт | 16:54
1957
3 дақиқада ўқилади

Ойликни кейинги ойликкача етказиш: самарали тақсимот

Бир ой маош учун эртадан кечгача ишлаш ва ойликни бир неча кунда ишлатиб юбориш – кўпчиликда кузатиладиган ҳолат. Даромадлар ва нархларнинг бир-бирига номутаносиблиги молиявий муаммоларни жиддийлаштиради. Лекин ойликни тақсимлаш ва самарали харажат қилиш – қарзга ботиб кетиш ёки пулсиз қолиб кетишдан бироз бўлса-да ҳимоя қилиши мумкин.

Ушбу мақолада ойликни самарали тақсимлашнинг 3 босқичи ҳақида сўз юритамиз.

1-босқич: ойлик тушган куни уни 3 қисмга бўлиб чиқинг.

Бунда энг асосийси ўзингизга тўғри савол бериш: Бу пуллардан қанчаси яшаш учун, қанчаси келажак учун, қанчаси ўзим учун?

“50–30–20” қоидасига асосланинг:

🏠 Зарур эҳтиёжларга 50 фоиз ажратамиз: ижара, коммунал, озиқ-овқат, транспорт, дори-дармон

🎯 Шахсий хоҳишларга 30 фоиз пулни ажратамиз: кафе, кино, кийим, севимли бонус нарсалар

💰 Жамғарма тўплаш ёки қарзларни қайтаришга эса – 20 фоиз.

Агар қарзларингиз бўлмаса, нур устига аъло нур. Демак, сиз келажак учун жамғармага кўпроқ пул олиб қўйишингиз мумкин. Молиявий саводхонликда энг асосий қоида – тўғри жамғариш. Бу кутилмаган харажатлар юзага келганда шокларни юмшатади, ишонч ва хотиржамлик ҳиссини беради.

📌 Маслаҳат: Ҳар доим аввало жамғармани ажратиш зарур, кейин қолганини сарфлаш керак. Чунки жамғарма шундай нарсаки, онг уни зарурий харажат эмас деб ҳисоблайди ва пулингизни беихтиёр маиший нарсаларга сарфлаб юборишингиз мумкин.

2-босқич: “Қаерга кетганини билмайман” деган харажатларни ҳисоблаб кўринг

Кун бўйи оз-оздан кетган пулни ҳисоблаб кўрганмисиз? Шунчаки кўчада сайр қилиб юрганингизда, бирор дўкондаги чиройли сувенир эътиборингизни тортади, уни сотиб оласиз. Кеча кўзингиз тушган рекламадаги газли ичимликни ичгингиз келиб қолади ёки шунчаки овқат етказиб берувчи хизматларнинг рекламаси сизни овқат буюртма қилишга ундайди. Баъзан шу каби 50-100 минг сўмлик 10 та харид бутун ойликни ютиб қўяди.

👣 Нима қилиш керак:

📱 Ҳар кун охирида 5 дақиқа “Нимага пул кетди?” деб ёзиб чиқинг. Бунда турли мобил иловалар ёрдам беради.

👀 7 кундан кейин қайси сарфлар ортиқча эканига ўзингиз амин бўласиз.

🔪 Кераксиз нарсаларни “кесинг”. Лекин ҳамма кўнгилочар нарсалардан воз кечиш керак эмас.

💡 Мақсад: харажатни қисқартириш эмас, назорат қилиш!

3-босқич: Ҳар ойда “битта реал мақсад” қўйинг

🎯 “Бу ой нимага эришаман?”

• 500 минг сўм жамғариш?

• Бир қарздан қутулиш?

• Бир ҳафта “кофесиз ҳаёт”?

🗓 Ҳар ойда битта кичкина мақсад қўйсангиз, 6–12 ойда улкан ўзгаришлар бўлади.

Маслаҳат:

• Мақсадни визуал қилиб кўринг — стикерларга ёзиб кўзгуга ёпиштиринг, телефон фонига жойлаштиринг.

• Эрталаб ёки кечқурун ўзингиздан сўранг: “Бугун шу мақсадга яқинлашдимми?”

Қисқа хулоса

Ойликни бошқариш – бу ўзингни назорат қилиш эмас, эркинлик яратиш.

Пулингиз қаерга кетаётганини билсангиз, ҳаётга таъсир қилиш осонлашади.

Мавзуга оид