Жаҳон | 18:08 / 10.07.2025
2034
2 дақиқада ўқилади

7 сентябрда Британия аҳолисининг барча смартфонлари бир вақтда жиринглайди

Бу фавқулодда вазиятлардан огоҳлантирувчи миллий тизим кенг қамровли синовининг бир қисмидир.

Фото: Unsplash

7 сентябр куни соат 15:00 да Буюк Британиядаги барча смартфонларда фавқулодда огоҳлантириш тизими ишга тушади — 85 миллионга яқин қурилма бир вақтнинг ўзида 10 сония давомида баланд овозли сигнал чиқаради. Бу фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш миллий тизими кенг қамровли синовининг бир қисмидир.

Телефон экранида матнли хабар ҳам пайдо бўлади, унинг мазмуни ҳали ошкор этилмаган. Огоҳлантиришлар фуқароларни таҳдидлар - масалан, бўронлар, террористик ҳужумлар ёки бошқа фавқулодда вазиятларда тезкор хабардор қилиш учун ишлатилади.

Тизим сигналларни мамлакат бўйлаб ҳам, алоҳида ҳудудларга ҳам юбориш имконига эга. Мисол учун, ўтган йили кучли шамол кутилаётган ёки Иккинчи жаҳон урушидан қолган ўқ-дорилар топилган ҳудудлар аҳолисига бу ҳақда огоҳлантирувчи хабарлар юборилган.

Шунга ўхшаш тизимлар АҚШ, Япония, Германия ва бошқа мамлакатларда ҳам бор. Баъзилар, Финландия каби, ҳар ойда, бошқалари - йилига бир марта шундай синовларни ўтказади.

Ҳукумат телефондаги фавқулодда огоҳлантириш олиш функциясини ўчирмасликни тавсия қилса-да, фойдаланувчилар бундай хабарларни олишдан воз кечиш имкониятига эга.

Мавзуга оид