Жаҳон | 15:15
3739
3 дақиқада ўқилади

Европанинг энг йирик порти Россия билан урушга тайёрланмоқда – ОАВ

Роттердам порти НАТО юкларини ташиётган ва ҳарбий машғулотларни режалаштираётган кемалар учун жой ажратишни бошлади.

Фото: Bloomberg

Европанинг энг йирик порти Роттердам (Нидерландия) Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўрмоқда, ҳарбий юк ташувчи кемалар учун жой ажратмоқда ва можаро келиб чиқса, юкларни қаерга йўналтиришни режалаштирмоқда.

Роттердам порти маъмурияти ижрочи директори Будевейн Симмонс Financial Times нашрига маълум қилишича, порт Британия, Америка ва Канада транспорт воситалари ва юклари келган тақдирда қўшни Антверпен билан ҳаракатларни мувофиқлаштиради.

Май ойи бошида Нидерландия Мудофаа вазирлиги Роттердам портидан НАТО талабига биноан ҳарбий юкларни олиб кетаётган кемалар учун жой ажратилишини эълон қилган эди. Симмонснинг сўзларига кўра, бир ёки бир нечта кема портда бир неча ҳафтага, йилига тўрт ёки беш марта тўхтайди. Бундан ташқари, ҳарбий машғулотлар йилига бир неча марта ўтказилади.

Роттердам портининг узунлиги 42 км. У йилига тахминан 436 миллион тонна юкни қабул қилади ёки жўнатади. Германия ва Европанинг ички қисмидан денгиз орқали 28 мингта кема ва дарё орқали 91 мингта кемани қабул қилади. Порт, хусусан, 2003 йилдаги Форс кўрфази уруши даврида қурол-яроғ билан ишлаш тажрибасига эга, аммо ҳатто Совуқ уруш даврида ҳам улар учун махсус жой йўқ эди.

Қўшни Антверпен эса Европада жойлашган АҚШ қўшинлари учун мунтазам равишда таъминот олиб туради. У йилига 240 миллион тонна юкни қабул қилади/жўнатади. Бу уни Европа Иттифоқидаги иккинчи йирик портга айлантирган.

Симмонс, шунингдек, Европа давлатларини нефт каби муҳим хомашёларни захиралашга чақирди.

«Биз мис, литий, графит ва бошқа бир қатор муҳим хомашёлар билан ҳам шундай қилишимиз керак», деди у ва яхши тармоқларига эга портлар атрофидаги жойлар бундай захиралар учун мос эканини қўшимча қилди.

Аввалроқ, НАТО бош котиби Марк Рютте Россия 5-7 йил ичида Эстонияга ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шу билан бирга, у алянсда «бунга қарши барча режалар борлигини» таъкидлади.

Шунингдек, Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто Россия беш йил ичида НАТО учун бевосита таҳдидга айланиши мумкинлигини айтди.

Шунингдек, Politico нашри Россия билан чегарадош Европа давлатлари ўз шифохоналарини урушга тайёрлаётгани ҳақида ёзди.

Мавзуга оид