Жаҳон | 20:38
1605
2 дақиқада ўқилади

Туркиялик 12 аскар Ироқдаги ғорда метандан заҳарланиб ҳалок бўлди

Аскарлар 2022 йил май ойида ушбу ҳудудда ҳалок бўлган жангчининг қолдиқларини излаган.

Фото: Reuters

Туркия Мудофаа вазирлиги 7 июл куни Ироқ шимолидаги ғорда ўтказилган қидирув операцияси чоғида 12 нафар турк аскари метан газидан заҳарланиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди, деб ёзди CBS.

Қўшинлар курд жангарилари томонидан ўлдирилган аскар ҳамроҳининг қолдиқларини қидирган. 6 июл куни беш аскар, 7 июл куни яна етти нафар аскар ҳалок бўлган.

Ҳодиса 19 нафар аскар тоғли ҳудуддаги ғорни текшираётганда содир бўлган. Улар рангсиз, ҳидсиз ва ёнувчан газга дучор бўлиб, бўғилиш оқибатида ҳалок бўлгани таъкидланмоқда.

Мудофаа вазирлиги фожиа юзасидан ҳамдардлик билдириб, жароҳатланган аскарларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Қайд қилинишича, аскарлар 2022 йил май ойида ушбу ҳудудда ҳалок бўлган жангчининг қолдиқларини излаган.

Ҳодиса содир бўлган ғор денгиз сатҳидан 852 метр баландликда жойлашган бўлиб, аввал Курдистон ишчилар партияси (КИП) томонидан дала шифохонаси сифатида фойдаланилган. Вазирлик ғордаги метаннинг қаердан келиб чиққанига изоҳ бермади.

Мавзуга оид