Жаҳон | 14:59
1497
9 дақиқада ўқилади

Сулҳга “ижобий” жавоб берган Ҳамас, Европага бож қўллаган Хитой ва «Катта ажойиб» қонунни имзолаган Трамп – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳамас Ғазода 60 кунлик сулҳ битимига «ижобий» жавоб берди

Ҳамас ташкилоти АҚШ воситачилигида илгари сурилган Ғазо бўйича сулҳ таклифига «ижобий руҳда» жавоб берганини ва ушбу келишувни амалга ошириш юзасидан музокараларга киришишга тайёр эканини билдирди.

«Ҳамас ҳаракати Ғазодаги халқимизга қарши тажовузни тўхтатиш бўйича воситачиларнинг сўнгги таклифига доир ички маслаҳатлашувларни, шунингдек, фаластинлик фракциялар ва кучлар билан музокараларни якунлади. Ҳаракат ўз жавобини биродарлик воситачиларига тақдим этди, бу жавоб ижобий руҳ билан тавсифланади. Ҳамас ҳаракати тўлиқ жиддият билан янги музокаралар босқичига зудлик билан киришга тайёр», — дейилади Reuters нашри тарқатган ҳаракатнинг баёнотида.

Бироқ Ҳамасга яқин шахслардан бири ҳали ҳам дуч келаётган эҳтимолий қийинчиликлар: инсонпарварлик ёрдами, Мисрга ўтувчи Рафаҳ чегара пункти орқали ҳаракатланиш ва Исроил қўшинларининг чиқиб кетиш жадвали борасидаги аниқ тафсилотларга доир хавотирлар мавжудлигини билдирди.

Янги таклиф билан таниш бўлган манбаларнинг айтишича, у 60 кунлик сулҳ давомида 10 тирик гаровдаги шахсни ва 18 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадини топширишни, бунинг эвазига маълум миқдордаги фаластинлик маҳбусларни озод қилишни назарда тутади.

Бу озод этишлар беш босқичда амалга оширилади ва Ҳамас ўтган сулҳ давридагидек телевизион узатмалар орқали топширув маросимлари ўтказмаслиги шарт қилиб қўйилган. Бундай маросимлар исроилликларни ғазаблантирган, улар бу ҳолатни таҳқир деб қабул қилган. Янги режада, шунингдек, АҚШ ва араб воситачилари — Қатар ва Миср, сулҳ даврида урушга барҳам бериш бўйича жиддий музокаралар ўтказилишини таъминлаши кераклиги ҳам кўрсатилган.

Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Ҳамас ўртасида қарийб 21 ойдан бери давом этаётган урушда 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича «якуний таклиф»ни эълон қилган ва томонлардан яқин кунларда жавоб кутаётганини билдирганди.

Ҳамас ушбу таклифга қандай сезиларли ўзгартиришлар талаб қилаётгани ёки бу фарқлар осонгина бартараф этиладими ёки янги тўсиқларга олиб келадими — ҳозирча номаълум. Илгари ҳам томонлар шундай битимларга яқинлашган, бироқ тафсилотлар бўйича келишмовчиликлар сабаб охирги дақиқада улар барбод бўлган эди.

Трамп солиқлар тўғрисидаги «катта ажойиб» қонун лойиҳасини имзолади

АҚШ президенти Доналд Трамп 4 июл куни кечқурун солиқларни камайтириш ва АҚШ давлат қарзи чегарасини 4 триллион доллардан ортиқроққа ошириш мумкинлиги ҳақидаги «катта ажойиб» қонун лойиҳасини имзолади. «Бу яхши», — дея ўз ҳаракатларини изоҳлади у.

«Америка ғалаба қозонмоқда, ғалаба қозонмоқда, ҳеч қачон бўлмаганидек ғалаба қозонмоқда», — дея қўшимча қилди Трамп ҳужжатни имзолаганидан сўнг АҚШ Мустақиллик кунига бағишланган маросимни якунлаб. ОАВларга кўра, яқинда Эрон ядро иншоотларини бомбардимон қилган учувчилар тадбирга таклиф этилганлар орасида бўлган.

Қонун лойиҳаси солиқларни пасайтириш, иммиграция хизматларини молиялаштиришни ошириш ва камбағаллар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг тиббий харажатларини тўлашга ёрдам берадиган Medicaid дастурига харажатларни камайтиришни назарда тутади. Шу билан бирга, у мудофаа соҳасига, хусусан, «Олтин гумбаз» ракеталарига қарши мудофаа тизимини ривожлантиришга сарфланадиган харажатларни оширишни назарда тутади.

Ташаббус АҚШ сиёсий доираларида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг энг ашаддий мухолифларидан бири миллиардер ва Tesla асосчиларидан бири Илон Маск бўлиб, у Трампнинг қонун лойиҳаси мамлакат аҳолисини қарз чуқурлигига олиб келишини даъво қилмоқда. Маскнинг ҳужжатни танқид қилиши тадбиркор ва давлат раҳбари ўртасида жанжал ва ҳақорат алмашинувига сабаб бўлди.

Хитой Европа брендларига антидемпинг божларини жорий этди

Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги Европа Иттифоқи брендларига 27 фоиздан 35 фоизгача божлар жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳақда идора сайтига жойлаштирилган баёнотда сўз боради. Қайд этилишича, 5 июлдан кучга кирадиган чекловлар беш йил муддатга мўлжалланган.

Баъзи компаниялар божлардан озод қилинади, чунки улар минимал нарх чегарасини бажариш мажбуриятини олган. Шунингдек, фаолияти антидемпинг кампанияси доирасида тергов қилинмаган янги экспортчиларга нисбатан ҳам енгилликлар кўзда тутилган. Улар ўрнатилган божларсиз мамлакатда савдо қилиш учун ариза беришлари мумкин.

Пекин антидемпинг жараёни ташаббуси билан ЕИ 2024 йилда Хитой электромобилларига нисбатан тарифлар жорий этганидан кейин чиққанди. Хитойнинг жавоби энг кўп франциялик ишлаб чиқарувчиларнинг даромадларига таъсир қилади. Божлар Хитой ТИВ раҳбари Ван Ининг Парижга ташрифи фонида эълон қилинди. Франция унинг ташрифи миллий компаниялар учун оқибатларни юмшатишга ёрдам беришига умид қилаётган эди.

Зеленский ва Трамп телефон орқали мулоқот қилди

Доналд Трамп Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотидан бир кун ўтиб Володимир Зеленский билан ҳам қўнғироқлашди. Украина президентининг сўзларига кўра, у Трамп билан Киевга ёрдам ҳажмини ошириш, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаани кучайтириш масаласини муҳокама қилган. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари АҚШнинг Украинага қурол-яроғ етказиб беришни қисман тўхтатиш қарорини муҳокама қилишда давом этмоқда, бу Американинг ўз захиралари тугаши билан изоҳланади.

Трамп ва Зеленский ўртасидаги суҳбат жума куни тушдан кейин бўлиб ўтди.

Бундан бир неча соат олдин Россия қўшинлари Киевга яна ракета ва дронлар билан йирик зарба берганди – бу уруш давридаги энг йирик зарбалардан бири бўлди. Бир киши ҳалок бўлди, яна 26 киши жароҳатланди. Украина расмийлари шаҳар ўққа тутилиши оқибатида Киевнинг темирйўл инфратузилмасига ҳам зарар етганини маълум қилган.

Украина президенти ўз ижтимоий тармоқларида Трамп билан суҳбат «жуда муҳим ва фойдали» бўлгани ҳақида ёзиб қолдирди. «Биз бугун вазият ҳақида гаплашдик: Россия ҳаво зарбалари ва кенгроқ - фронтдаги вазият ҳақида. Ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятларини муҳокама қилдик ва осмон ҳимоясини кучайтириш устида ишлашга келишиб олдик», – деган Зеленский.

Сўнгги ойларда Украина Россиянинг тобора кучайиб бораётган зарбаларидан ҳимояланиш учун АҚШ ва бошқа Ғарб иттифоқчиларидан қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини тақдим этишни сўрамоқда. Шу жумладан, Киевга Американинг қўшимча Patriot қурилмалари, шунингдек, улар учун мўлжалланган ракеталар керак. Чунки айнан улар Россия баллистик ракеталарини тутиб олишга қодир.

Axios нашри журналисти Барак Равид ўз манбаларига таяниб ёзишича, «Трамп Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ёрдам беришни хоҳлашини ва агар тўхтатилган бўлса, айнан нима тўхтатилганини суриштириб кўришини айтган».

Пайшанба куни Вашингтондаги «Эндрюс» авиабазасида журналистлар билан суҳбат чоғида Трамп етказиб бериш тўхтатилиши ҳақидаги саволга мужмал жавоб қайтарди.

«Биз тўхтатганимиз йўқ, биз уларга қурол беряпмиз, лекин биз жуда кўп қурол бердик. Ва биз улар билан ишлаймиз ва уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Аммо Байден уларга қурол бераётганда бутун мамлакатни вайрон қилди. Ва биз шундай қилишимиз керакки, ўзимизга ҳам етсин», – деб жавоб берди АҚШ президенти.

Шу билан бирга, NBC News телекомпанияси ўз манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ расмийларининг Пентагоннинг қурол захиралари тугаши таҳдиди ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин.

Калифорнияда ўрмон ёнғинлари

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Луис-Обиспо ва Риверсайд округларида содир бўлган ўрмон ёнғинлари 22 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олди, деб хабар бермоқда Калифорния ўрмон хўжалиги ва ёнғиндан ҳимоя қилиш департаменти.

Департамент сайтидаги маълумотларга кўра, 2 июл куни Сан-Луис-Обиспо округида бошланган ёнғин тахминан 21 300 гектар майдонни қамраб олган. Айни пайтда ёнғиннинг атиги 10 фоизи маҳаллийлаштирилган. Риверсайд округида 29 июн куни содир бўлган ёнғин 2200 гектарга яқин майдонни йўқ қилди ва сўнгги маълумотларга кўра, у 65 фоизга маҳаллийлаштирилган.

Cal Fire вакили Тони Дэвис 50 та иншоот хавф остида экани, 208 киши эвакуация қилинганини билдирди. Дэвиснинг сўзларига кўра, ёнаётган ҳудуд яйловлар ва қуруқ ўсимликларга эга бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари бўлиб, бу ёнғиннинг тез тарқалишига ёрдам беради.

Калифорния балиқ ва ёввойи табиат департаменти экологи Дэйв Хакернинг айтишича, ҳудуддаги ёввойи табиат қўриқхонасида содир бўлган ёнғин кийиклар подасининг яшаш жойи катта қисмини йўқ қилган.

Мавзуга оид