Ўзбекистон | 08:03
1913
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон университети халқаро рейтингда энг кучли 500 та ОТМ қаторидан жой олди

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британиянинг Quacquarelli Symonds–QS ташкилоти асосчиси ҳамда президенти Нунцио Кваккарелли билан учрашув ўтказди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад мамлакатдаги олий билим юртларининг халқаро рейтинглардаги ўринларини мустаҳкамлаш, нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, миллий олий таълим тизимини янада барқарор ривожланишида глобал рейтинглар ва уларнинг мезонларини босқичма-босқич жорий этишдан иборат бўлди.

Мулоқот чоғида Нунцио Кваккарелли Quacquarelli Symonds–QS ташкилотининг шаклланиши, фаолияти ва унинг устувор вазифалари тўғрисида сўзлаб берди.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон олий таълим тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда олий таълим муассасаларининг академик стандартларини юксалтириш ва халқаро рейтингларда иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни Марказий Осиёда олий таълим олиш учун энг қулай ва муҳим бўлган йирик манзил сифатидаги аҳамиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Британия томони Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси дунёнинг энг нуфузли олий билим юртлари қаторидан жой эгаллаганини мамнуният билан маълум қилди. Жумладан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (469-ўрин), Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат транспорт университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети каби олий таълим муассасалари QS World University Rankings 2026 рейтингларида қайд этилган.

Шунингдек, таълим соҳасида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда республика университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштиришга тайёр эканини билдирди.

QS 1990 йилда Нунцио Кваккарелли томонидан таъсис этилган. У олий таълим ташкилотларининг халқаро рейтинглари ва таҳлили бўйича дунёнинг энг нуфузли ташкилоти ҳисобланади. Муассасанинг 800 нафар (дунё бўйлаб) экспертлари томонидан жаҳоннинг 6950 та университетларининг халқаро рейтинглари таҳлили олиб борилади. Мазкур ташкилотнинг бош офиси Лондонда жойлашган.

Мавзуга оид