Жаҳон | 15:12
1283
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда мигрантлар учун такси ва куриерлик соҳасида ишлаш тақиқланмайдиган бўлди

Шаҳар маъмурияти бу чораларни иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини тан олди.

Фото: Ведомости

Санкт-Петербург маъмурияти мигрантларни такси ва куриерлик соҳасида ишлашини тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини тан олди. Бу ҳақда НТВ хабар берди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тақиқ Россиянинг шимолий пойтахтида хизматлар нархининг 50 фоизгача ошишига ва сифати ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Шаҳар Қонунчилик кенгашининг транспорт комиссияси раиси Алексей Цивилёв сўзларига кўра, 65 минг таксичидан 34 мингга яқини ноқонуний – реестр, солиқ ва патентсиз ишлайди. Расмийлар қоидаларни қатъийлаштириш ўрнига, аввалги чоралар самарасизлигини тан олиб, қоидаларни тартибга солишга қарор қилди.

Шу билан бирга, мигрант куриерларга ҳам тақиқ қўйилмайди, бироқ скутерлар ва велосипедлар тезлигига чекловлар киритилди, бундай транспорт ҳаракати тақиқланган кўчалар рўйхати жорий этилди.

Ленинград вилоятида мигрантларнинг такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашига тақиқ 2024 йилда қўйилган ва бу ҳозир ҳам амалда.

Россияда мигрантларнинг меҳнат фаолиятидаги чекловлар кўпинча хавфсизлик, махфий маълумотлардан фойдаланиш ва юқори ижтимоий масъулият билан боғлиқ соҳаларга тегишли. Қоидага кўра, мигрантларга соғлиқни сақлаш соҳасида, айниқса даволаш ва парвариш билан боғлиқ лавозимларда, шунингдек, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш билан боғлиқ таълим соҳасида ишлаш тақиқланган.

Шу билан бирга, тақиқлар йўловчи ташиш транспортига, жумладан, такси ва автобусларга, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган соҳаларга, тоғ-кон саноати ва спиртли ичимликлар савдосига тааллуқлидир.

Бундан ташқари, баъзи ҳолларда кутубхоналар ва архивларда ишлашга чекловлар қўлланилади, агар у ички давлат фондлари ёки маълумотлар базаларига киришни назарда тутса.

Мавзуга оид